Одам савдосидан жабрланганлар қўшимча қўллаб-қувватланади
Инсон бошпанасиз қолса ҳам ёки моддий имкониятларини ишга сололмай турган бўлса ҳам, унинг қалби эрк тушунчаси билан ғурурланишга ва умидланишга асос топади.
Аммо одам савдоси аталмиш иллатнинг қурбони бўлиб қолиш унда бутунлай бошқа туйғуларни шакллантириб, ўз қадрининг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмаслигини англай бошлайди. Бу эса кўп ҳолларда инсонни қалбан “синиб” қолишига олиб келиши мумкин. Боиси бу ўринда инсон қадри топталади. Кўп ҳолларда бундай вазиятга тушганлар ўз дардини айта олмасдан, онг остида бошқаларга бўлган ишонч туйғусини нафратга алмаштириб қўяди.
Аслида бу умрнинг сўнгги нуқтаси эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 3 август куни қабул қилинган “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон айни йўналишда жабрланганларни алоҳида қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли саналади.
Жумладан, фармонга кўра, “Инсон” маркази ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) тизимидаги одам савдосидан жабрланган шахсларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган муассасаларга, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларга одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилади.
Дастлабки идентификация натижасида шахсга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс мақоми 1 ойгача, якуний идентификация қилиш натижасида бериладиган одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми эса кўпи билан 1 йилгача бўлган муддатга берилади.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан одам савдосидан жабрланган шахсларни якуний идентификация қилиш муддати 10 сутка этиб белгиланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан агентликнинг “1146” қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон ҳудудида қабул қилиш, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида одам савдосидан жабрланганлик ҳолати бўйича мурожаатларни қабул қилиш, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва моддий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатиладиган ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим жиҳат – Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ва “Самарқанд” халқаро аэропортида Миграция жамғармаси ҳисобидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган ҳолда Миграция маслаҳат бюролари ташкил этилади.
Дарҳақиқат, огоҳлик – давр талабидир. Ҳужжат асосида белгиланган вазифалар эса аҳолининг хабардорлик ва огоҳлик имкониятларини кенгайтиришга асос бўлади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА