Одам савдоси – давр балоси
Бухоро шаҳрида Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот маркази томонидан “Одам савдоси устидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг роли” мавзусида ўқув семинар-тренинг ўтказилди.
Унда вилоят ИИБ ҲПБ, ИИБ ТЭККБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Мамлакатимизда бу глобал муаммога қарши курашиш, ундан жабрланганларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари яратилган.
Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг инсон одам савдоси жабрланувчисига айланмоқда. олти юз, саккиз юз нафар аёл ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Бундай жиноятлар афсуски республикамизда ҳам мавжуд бўлиб, фуқаролар турли алдов ва фирибгарликлар қурбонига айланиб қолмоқда. Кузатишлар ва хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосидан азият чекаётган жабрланувчилар орасида аёллар ва вояга етмаган ёшлар борлиги бизни янада ҳушёрликка чорлайди.
Семинарда Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича миллий ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти иштирокчиларга тақдимот шаклида тушунтирилди.
– Семинар-тренингдан асосий кўзланган мақсад, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича қайта йўналтириш механизмини такомиллаштириш, – дейди вилоят ИИБ ХПБ бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўлим бошлиғи, подполковник Дилфуза Шаропова. – Шунингдек, адашганларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам бериш ва ушбу ҳолат юзасидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг ролини оширган ҳолда одамлар ишончини қозонишдир.
– Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда долзарб мавзудаги тақдимотларда қатнашди, – дейди Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот маркази раҳбари Лола Каримова. – Турли ҳолатлар бўйича фикрлар билдирилди. Замондошларимизни ҳушёрлик, огоҳликка даъват этсак, уларни одам савдоси билан шуғулланувчи фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишдан асраган бўламиз. Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтиришлар олиб бориш фуқароларни вазиятдан огоҳ этиш, жирканч жиноят содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бизнинг бош мақсадимиз жиноят орқасидан енгил ҳаёт кечириб, ноқонуний пул топмоқчи бўлганлар қисматидан аёллар, айниқса ёшларни огоҳ этиб, ҳушёрликка чақиришдир.
Зариф Комилов, ЎзА