Очиқлик ва шаффофлик энг муҳим мезон
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Маҳаллий вакиллик органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ўзига хослиги” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши котибияти мудирлари, маҳаллий Кенгашлардаги ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раислари, Коррупцияга қарши ички назорат бўлими, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлиги матбуот котиблари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари иштирок этди.
Семинар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни ва Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини янада яхшилашга қаратилган тажрибаларни оммалаштириш, мавзу юзасидан муаммо ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Вилоятда ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид устувор вазифалар, Ўзбекистон Республикасида очиқликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, вилоятдаги маҳаллий вакиллик органлари фаолияти очиқлигининг бугунги ҳолати, “kengash.gov.uz” электрон тизими фаолиятини кенгайтириш, Коррупцияга қарши курашишда маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлашнинг аҳамияти ҳамда қонунчиликда ҳуқуқий жавобгарликнинг белгиланиши, давлат органларида очиқлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини олиб боришда вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг ўрни каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Таькидланганидек, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашган. Олий ҳудудий вакиллик органи сифатида Олий Мажлис Сенати томонидан улар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга услубий жиҳатдан кўмаклашиш, депутатларнинг амалий кўникма ва малакаларини ошириш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашлар фаолияти нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам жонланди.
[gallery-14263]
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида бир қатор ижобий ҳамда самарали иш тажрибалари амалиётга жорий қилингани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари ва назорат функцияларининг кенгайиб бораётганлиги билан бир қаторда, уларнинг фаолиятида айрим камчилик борлиги танқид қилинди.
Семинар давомида ўртага ташланган масалалар қизғин муҳокама қилинди. Маҳаллий Кенгаш котибияти мудирлари ҳамда доимий комиссия аъзолари, матбуот котиблари мавзу юзасидан сўзга чиқиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Соҳа мутахассислари томонидан мавзу муҳокамаси давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқиш, ижобий иш тажрибаларини кенг оммалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари