Очиқлик ва ошкоралик - адолатли сайловлар омили
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Халқаро медиа-холлда "Очиқлик ва ошкоралик - адолатли сайловларнинг муваффақиятли ва демократик ўтказилишининг калити" мавзуида мулоқот ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳозирда халқимиз муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турганини таъкидлади.
Ушбу долзарб палла халқимиз келажаги, Ватанимизнинг эртанги куни, истиқболини белгилашда ниҳоятда катта аҳамият касб этади.
Бугунги сайловлар аввалгиларига нисбатан кескин фаоллашди, уларнинг моҳияти очиқлик, шаффофлик тамойиллари билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани кўрсатилган. 2019 йилда Сайлов кодекси яратилди. Назаримда, у тадрижий жараёндан ўтди ва сайлов қонунчилиги бўйича тартибга келтирилди.
[gallery-4373]
- Бугунги кунда матбуот соҳаси ҳам ижобий ўзгаришларга юз тутди, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Хўжаева.
- Медиа тузилмалар сони ортди, таҳлилий-танқидий руҳдаги материаллар сони ҳам, салмоғи ҳам кўпайди. Оммавий ахборот воситалари сони кейинги йилларда бир ярим баробарга ошди. Улар сайлов кампаниясига оид маълумотларни тезкор, ўз вақтида етказишга эътибор қаратмоқда.
Мулоқот давомида очиқлик, шаффофлик, халқчиллик тамойиллари барча жабҳаларда кўзга яққол ташланаётгани мамлакатимиз ва хорижлик экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ёшлар, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири