Очиқ мулоқот: талабаларнинг ташаббус ва таклифлари тингланди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Фармацевтика техник университети талабалари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.
Самимий мулоқот давомида университет ҳаётини янада такомиллаштириш, илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларнинг ғояларини амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бизнес йўналишида таҳсил олаётган талабалар стартап лойиҳаларини ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Агентлик директори истиқболли ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, уларни амалга ошириш учун зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.

Шунингдек, университет волонтёрлар клуби фаолиятини кенгайтириш, уни шаҳар миқёсига олиб чиқиш, бошқа олий таълим муассасалари талабалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда йирик ижтимоий ва соҳавий тадбирларда иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида талабаларнинг билим олиши, илмий изланишлари ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири экани ва уларнинг истиқболли ғояларини рўёбга чиқаришда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилиши қайд этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА