Обод юртнинг йўллари ҳам обод бўлсин
Баҳор фасли келиши билан юртимизнинг барча жабҳаларида кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари бошланиб, маҳаллалар, кўчалар, йўллар, жамоат жойлари, аҳоли турар жойлари, ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланади. Зиёратгоҳ, қабристон ҳамда табаррук қадамжолар тартибга келтирилади.
Юртимизда совуқ кунлар давом этиб, қиш бироз чўзилгани боис, бу ишлар ҳанузгача давом этмоқда. Инсон ҳовлисига, ишхонасига турфа гуллар экиб, атрофни саранжом-саришта тутишнинг ўзи ободлик дебочасидир. Бундай гўзал ва тароватли манзара кўнгилга кўчирилсачи, бу эса инсон интилиши керак бўлган энг асосий мақсад саналади.

«Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси А – 373 «М-39 Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш» халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтадиган қисмида узлуксиз таъмирлаш, тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боради.

Шу кунларда Қамчиқдан ўтсангиз йўлларнинг равон ва тозалигини кўриб баҳри дилингиз очилади. Аммо айрим инсонлар ўз ҳамюртларининг меҳнатини қадрламай, йўлларнинг четига ахлат улоқтириб кетаётгани ачинарлидир.

Ҳурматли ватандошлар ва юртимиз меҳмонлари, жонажон Ўзбекистонимиздаги ҳар бир сўлим гўша ободлиги юртдошларимизнинг тинимсиз меҳнатлари самараси эканлигини унутмайлик. Йўллардаги орасталик ва тозаликнинг қадрига етайлик.
«Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ахборот хизмати.
ЎзА
(А.Мусаев)