“O’zMinda” маҳсулотлари харидоргир
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида 2010 йилда ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида иш бошлаган “O’zMinda” корхонаси айни пайтда тўрт русумдаги ўзбек автомобиллари учун спидометр, эшик дастаси ва қулф жамланмаси, автомобиль соати каби 21 турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқармоқда.
Президентимиз раҳнамолигида иқтисодий ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилаётгани, янги тармоқ ва ишлаб чиқаришлар ўзлаштирилаётгани ялпи миллий маҳсулотнинг барқарор ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллаш, экспорт ва импорт муносабатларини юқори суръатга кўтариш борасидаги ишлар салмоғи ҳам йилдан-йилга ортмоқда.Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2008 йилда Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий ҳудудни ташкил этиш лойиҳасининг замирида айни жиҳатлар алоҳида эътиборга олингани бугунги кунда ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳудудда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Италия, Ҳиндистон каби мамлакатлар сармояси иштирокида қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмоқда. Улар томонидан автомобиль саноати учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида фойдаланиладиган кабеллар, турли гигиеник ва косметик воситалар, рақамли телемосламалар ишлаб чиқарилмоқда.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида 2010 йилда ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида иш бошлаган “O’zMinda” корхонаси айни пайтда тўрт русумдаги ўзбек автомобиллари учун спидометр, эшик дастаси ва қулф жамланмаси, автомобиль соати каби 21 турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқармоқда. Йилига 250 минг автокомпонент тайёрлаш қувватига эга корхона мамлакатимиз автосаноати тизимидаги муҳим бўғинлардан саналади.
– Корхонанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилмоқда, – дейди корхона директори Жасурбек Шаропов. – Натижада маҳсулот тури ортиб, экспорт кўрсаткичи ҳам шунга мутаносиб бўлади.
Хорижий инвестиция иштирокидаги мазкур корхонада 90 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг асосий қисми ёшлардир. Касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабаларининг амалиёт ўташи учун ишлаб чиқариш тармоғида зарур шароитлар яратилган. Келгусида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш натижасида яна ўнга яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Дарҳақиқат, корхона томонидан 2014 йилда 220 минг доллар қийматидаги сифатли маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Эндиликда маҳаллийлаштириш дастури асосида “GM Uzbekistan” тизимидаги янги автомобиллар учун муайян эҳтиёт қисмлар шу ернинг ўзида тайёрланади.
Президентимизнинг 2015 йил 16 январда мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таркибий қайта ўзгартиришларни кенгайтириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда бу борадаги ишлар салмоғини янада ошириш мақсадида Жанубий Кореянинг “S&T Motiv” компанияси билан тузилган шартномага асосан 2015 йилнинг охирига қадар корхонага қўшимча инвестиция киритилиши режалаштирилган бўлиб, тежамкор, технологик афзалликлари юқори бўлган янги линиялар ўрнатиш лойиҳалари устида изланишлар олиб борилаётир.