Оҳори тўкилмайдиган мерос
Алишер Навоий асарлари асрлар ўтса ҳамки, ҳамон долзарблигини, оҳорини йўқотмай келмоқда.
Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги
Алишер Навоий асарлари асрлар ўтса ҳамки, ҳамон долзарблигини, оҳорини йўқотмай келмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан буюк алломаларимизнинг хорижда сақланаётган нодир асарлари қўлёзмалари нусхалари билан танишиш, уларни тадқиқ этиш, халқимизга таништиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Алишер Навоийнинг хориждаги асарлари қўлёзмаларини ўрганиш, улардан нусха олиш, факсимилесини нашрга тайёрлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Марказнинг Хорижий музейлар, илмий муассасалар, институтлар, архив ва кутубхоналардаги маданий бойликларни илмий тадқиқ этиш бўлими бошлиғи, филология фанлари доктори Афтондил ЭРКИНОВ Навоийнинг хориждаги асарларини тадқиқ этиш ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
– Марказ қадимий қўлёзмаларни ўрганиш жараёнида уларни иложи борича Ўзбекистондаги илмий жамоатчиликка таништириш, илмий жамоатчиликка фойдаси тегадиган даражада кўрсатиш билан ҳам шуғулланади, – деди навоийшунос олим Афтондил Эркинов. – Бу жараёнда хорижга илмий сафарлар қилганимизда осори-атиқалар ҳақидаги маълумотларни батафсил олиб келиш, улар ҳақидаги маълумотларни олимларга, халқимизга етказиш ҳам марказнинг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Масалан, хориждаги сафарлар давомида Алишер Навоий қўлёзмаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Шуни айтиш жоизки, марказ тузилишидан олдин Навоий ёки Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломалар ижодига оид қўлёзмаларни китоблар орқали билардик. Лекин уларнинг ўзига етиб бориш, нусха олиш, танишиш имконияти анча чекланган эди. Марказ ташкил этилгач, хориждаги илмий ташкилотлар, қўлёзма фондлари, музейлар билан ҳамкорликда ишлаб, улардаги мавжуд осори-атиқаларни ўрганишга муяссар бўлаяпмиз.
2019 йили Туркияга сафар қилдик ва Истанбул шаҳрида жойлашган бир неча қўлёзма фондлари, музейларда бўлдик. Уларда Ўзбекистонга оид бўлган қўлёзмалар билан танишдик. Алишер Навоий ҳаётлиги даврида – 1485 йили кўчирилган қўлёзманинг рангли нусхасини олиб келишга эришдик. 1485 йилда Навоий давридаги жуда машҳур хаттотлардан бири Султонали Машҳадий Алишер Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя” девонини кўчирган. Ҳозиргача илм-фанда бу девоннинг бешта нусхаси аниқ эди. Уларнинг ҳаммаси Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган, деб ҳисобланарди. Уларнинг ёнига энди олтинчиси – асарнинг Истанбул нусхаси қўшилди. Истанбул нусхасининг муҳим жиҳатларидан бири – бу, биринчидан, у Султонали Машҳадийдек жуда машҳур хаттот томонидан кўчирилгани бўлса, иккинчидан, Алишер Навоийнинг ўзи ҳаёт бўлган даврда Ҳиротда кўчирилган. Чунки 1485 йилда Алишер Навоий ўзининг “Хамса“ асарини ёзиб тугатаётган ва худди шу даврда бу қўлёзма Ҳиротда кўчирилган эди. Яъни, бу қўлёзмани Алишер Навоийнинг ўзи кўргани эҳтимоли жуда катта.
Навоий даврида кўчирилган бу қўлёзманинг қандай аҳамияти бор, деган савол туғилиши мумкин. Кўпинча замонавий ижодкорлар, европалик ёзувчи ва шоирлар ижоди билан танишганимизда, уларнинг архивлари мавжудлиги, ёзган асарларининг қоралама нусхалари сақланиб қолинганига оид фикрларни кўп гапирамиз. Масалан, Лев Толстой асарларининг ҳаммаси юз томда Россияда нашр қилинди. Шундан йигирма томи асарларнинг ўзи, саксон томи фақат архив, яъни ёзган асарлари қоралама нусхаси эди. Бизда Шарқда архивлар, ижодкорнинг ўзи ёзган асарини ёзиш жараёнидаги қоралама нусхалар ҳақидаги маълумотлар жуда кам сақланиб қолган. Аммо Алишер Навоий билан боғлиқ жараёнда бу жиҳат кўпроқ учрайди. Бу биз учун катта имконият. Сабаби, Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган девонларининг ўн бештача қўлёзмаси бизгача етиб келган. Улар сафига эндиликда Туркиядан топилган “Бадоеъ ул-бидоя” асари ҳам қўшилди. Ва энди буни Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя” асарини яратиш жараёнидаги қоралама нусхалардан бири ёки бўлмаса, навбатдаги нусхалардан бири деб аташ мумкин. Чунки ҳали бу девонни кўчириш жараёнида Навоийнинг фикрлари, девонни охирги шаклга келтирилиши тугамаган эди, иккинчидан, Навоий ўз асарлари матнини мунтазам янгилаб борарди. Яъни, матнни янгиланиш жараёнидаги қўлёзмалардан биттасибўлиб чиқди.
Ҳусайн Бойқаро ўлимидан кейин темурийларнинг саройдаги кутубхонаси қаерга кетган? Ҳусайн Бойқаро ўлимидан кейин салтанат емирилиб, бу ҳудудни шайбонийлар эгаллайди. Бойқаро саройидаги осори-атиқалар, қўлёзмалар қаерда, деган саволга биз аниқ жавоб бера олмаймиз. Лекин муайян тахминлар бор. Уларга кўра, Бойқаро саройидаги қўлёзмаларнинг ҳаммаси Бадиуззамоннинг қўлига ўтган. Тарихдан маълумки, Бадиуззамонни усмонийлар подшоси султон Салим ўз саройига олиб кетган. Шу боис қўлёзмалар ҳам олиб кетилган бўлиши мумкин, деган тахмин бор. Лекин бу аниқланган, исботланган эмас эди. Ҳозирги жараёндаги ишлар, ана шу қўлёзмалар билан боғлиқ изланишлар шуни кўрсатаяптики, бу тахмин ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиб чиқиши мумкин. Чунки Туркиядаги Тўпқопи саройида Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган йигирматача турли қўлёзма бор. Ҳатто бизда – Ўзбекистонда ҳам Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган қўлёзмалар бунчалик кўп эмас. Султон Салим I даврида Навоий қўлёзмаларининг айнан Ҳиротда кўчирилганларини, Жомийнинг, Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳаётлиги даврида кўчирилган қўлёзмаларнинг асосий қисми Истанбулдаги Тўпқопи саройида сақланиши Бойқаронинг кутубхонаси балки ўша даврда Бадиуззамон билан бирга усмонийлар империяси пойтахти – Истанбулга бориб қолган бўлиши мумкин, деган назарий фикрни исботлашга хизмат қилади. Яъни, бизнинг сафарларимиз илмий жиҳатдан ҳам янгиликлар олиб келишга қайсидир даражада ўзининг ҳиссасини қўшмоқда, деб айтиш мумкин.
Умуман, сафарларимиз давомида Германияда, Россияда бўлдик. Буюк Британиядаги қадимий қўлёзмалар билан танишдик. Уларнинг ҳаммасида жуда катта захира бор. Бу қўлёзмаларнинг кўпи қадимда – жангу жадаллар даврида бу мамлакатларга олиб кетилган ва ҳозирда шу ерда сақланмоқда. Юртимиз алломаларининг ўнлаб-юзлаб қўлёзмалари нусхаларини хориждаги кутубхоналарда, музейларда кўришимиз мумкин. Уларнинг Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази орқали кўпчиликка маълум бўлиши, етиб келиши имконияти пайдо бўлаяпти. Чунки олимларнинг жаҳон музейларидаги, фондларидаги барча қўлёзмаларни кўришга, улар билан танишишга имкони йўқ. Шу сабабдан каталоглар, реестрлар яратиш, яъни мавжуд маълумотларни бир жойга йиғиш ва улар билан илмий жамоатчилик, халқимизни таништиришни асосий мақсад қилиб олганмиз.