Нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказилди
Сирдарё вилояти Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан "Кексалар ҳафталиги" доирасида "Дўстлик", “Амир Темур”, “Мирзо Улуғбек” ҳамда “Фарҳод” маҳалласида истиқомат қилаётган нуронийлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Тиббиёт ходимлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, хасталиги сабаб уйда ётиб қолган отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиб, белгиланган тартибда ёрдам кўрсатди.

– Биз бу билан чегараланиб қолмаймиз, – дейди Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси, Адолат социал демократик партияси Ширин шаҳар Кенгаши депутати Фотимахон Эгамбердиева. – Шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишлаётган тор соҳа мутахассислари, оила шифокори, патронаж ҳамширалар отахон ва онахонлар саломатлигини текширди ва қайта хатловдан ўтказди. Натижага қараб, баъзи нуронийлар даволаниш учун шаҳар ва вилоят шифохоналарига йўналтирилди, айримларига малакали мутахассислар томонидан амбулатор шароитда даволаниш учун тавсия берилди.

Шу билан бирга, шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ходимлари билан ҳамкорликда "Кексалар ҳафталиги" доирасида жойларда кекса отахон ва онахонлар ўртасида шахмат-шашка бўйича мусобақалар ташкил этилди.

“Ақл чархи”да ғолиб ва совриндор бўлганларга совғалар тақдим этилди.
Шуҳрат Суяров,ЎзА