Нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказилди
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қирғизистон Республикаси билан чегарадош, чекка ҳудудларидан бўлган Ойим қишлоғида яшовчи нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тиббий кўрикка қишлоқ ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи меҳнат фахрийлари қамраб олинди.
– Биз кексаларга кўрсатилган эътибордан, маҳалламизда тиббий кўрик ўтказилганидан беҳад хурсандмиз, – дейди Ойим қишлоғидаги Иттифоқ маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Патилахон Маҳмудова. – Шифокорлар саломатлигимизни текшириб, зарур маслаҳат, тавсиялар берди. Мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга, барча инсонларга мингдан-минг раҳмат.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, вилоят соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт муассасалари, шунингдек, Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассис ва шифокорларидан иборат гуруҳ томонидан УЗИ, лаборатория, ЭКГ аппаратларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган тиббий кўрик давомида нуронийлар текширувдан ўтказилди, турли хасталиклар аниқланган отахон ва онахонларга даволаш муолажалари белгиланди.
– Кўрик давомида 431 нафар кексалар, шундан 121 нафар онахоннинг саломатлиги назоратдан ўтказилди, – дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Турсинбой Бердираҳматов. – Бир гуруҳ кексаларимиз даволанишга жалб этилди. Яна бир гуруҳи дори-дармонлар билан таъминланди, шунингдек, уларга кўзойнаклар, санитария гигиена воситалари берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА