Нуронийлар тажрибаси – ёшларга ибрат
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда ўсиб келаётган ёш авлодни комил, етук, салоҳиятли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш ва бу эзгу ишда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кексалардан ибрат олмоқ лозим.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да ташкил этилган “Бир нуроний ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичи ҳам айни шу мақсадларни ўзида акс эттирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танловда унинг шаҳар-туман ҳудудий саралаш босқичларида ғолиб бўлган нуронийлар учта шарт бўйича ўз салоҳиятларини намоён этишди.
[gallery-19619]
Шуни алоҳида айтиш даркор, ёшлар билан ишлашда нуронийларнинг ролини ошириш борасида ўзига хос Наманган тажрибаси йўлга қўйилди. Унда мактаблардан бошлаб бошқарма ва ташкилотларгача нуронийлар маслаҳат маркази ташкил этилиб, доимий уларни ҳаётий ўгитларига таяниб келинмоқда. Шу йилнинг август ойида бўлиб ўтган “Водий нуронийлари кенгаши”нинг кўргазмали семинарида мазкур йўналишдаги амалий ишлар қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам кенг оммалаштирилди.
– Танловдан кўзланган мақсад, аввало, ёшларга бириктирилган нуронийларни жамият ҳаётига фаол жалб қилиш, фидойи фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни маънавий ва моддий жиҳатидан рағбатлантиришдан иборат, – дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов. – Қолаверса, танлов эртамиз эгалари таълим-тарбиясида кекса авлод вакилларининг тажрибасидан фойдаланиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, нуронийларимиз бор экан, уларнинг дуолари ижобат. Янги Ўзбекистонимиз осмони мусаффо, юртимиз тинч ва осойишта, ютуқларимиз бардавомдир. Зеро, кексалар ўз ҳаётий тажриба ва қимматли ўгитлари билан ҳисса қўшаётган ҳар қайси ишда унум ва барака устувор бўлаверади.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Косонсой тумани “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Насибажон Ҳайдарова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг Республика босқичига йўлланмага эга бўлди. Фахрли иккинчи ўринни Мингбулоқ тумани “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғинининг кексалар гуруҳи етакчиси Сабохон Тўхтаева эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Янгиқўрғон тумани “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Маҳмудовга насиб қилди. Шунингдек, танловнинг фаол иштирокчилари бир қатор номинациялар бўйича эътироф этилди.
Тадбир якунида, танлов ғолиб ва совриндорлари “Нуроний” жамғармаси республика бошқарувининг диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.