Нуронийлар – Президент мактуби мазмун-моҳиятини ёшларга етказмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов маҳаллалардаги фаол нуронийлар билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг набирасига йўллаган мактуби мазмун-моҳиятини ҳар бир маҳалладаги ёшларга етказиш, уларда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, умуммиллий қадриятларга ҳурмат, одоб-ахлоқ ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.
Мактубда мамлакатимиз ёшларига айтилган ҳаётий насиҳат ва билдирилган самимий тилаклар ўғил-қизларнинг илм-фан сирларини чуқур эгаллаши, камтарлик ва ватанпарварлик, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик, миллий ғурур ва ифтихор сингари юксак хислатларини янада кенг намоён этишига руҳлантиргани қайд этилиб, ёшларнинг бундай инсоний фазилатларни асраб-авайлаш кўникмаларини юксалтириш бўйича таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Очиқ мулоқот чоғида, шунингдек, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, ободонлаштириш ишларига нуронийларни кенг жалб этиш, аҳоли ўртасида соғлом дунёқарашни шакллантириш ва турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш масалалари муҳокама этилди. Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, “10 ёшга бир нуроний” тамойили асосида ёш авлодга ҳаётий тажриба ва панд-насиҳат бериб бориб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшишга эътибор қаратилди.

Учрашувда нуронийларнинг таклиф ва мурожаатлари ҳам тингланиб, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Мулоқот якунида нуронийлар Янги Ўзбекистонга тинчлик, юртимизга осойишталик, Президентимизга узоқ умр, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бардавомлик тилаб, дуога қўл очди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири