Нурафшоннинг янги меъморий қиёфаси муҳокамада қилинмоқда
Нурафшон шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш ҳамда Тошкент вилоятининг маъмурий, таълим, тиббиёт ва маданий инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев "Янги Ўзбекистон” боғида “Nurafshon Business City” ҳудудида режалаштирилган йирик объектлар тақдимоти билан танишди.
Мазкур лойиҳа Нурафшон шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш ҳамда Тошкент вилоятининг маъмурий, таълим, тиббиёт ва маданий инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тақдимот давомида ҳудудда қурилиши режалаштирилган қатор муҳим объектларнинг лойиҳалари намойиш этилди. Хусусан, “Келажак маркази”, кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тошкент вилоят ҳокимлиги биноси, вилоят давлат архиви, “Ёшлар шаҳарчаси”, Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси, Миграция агентлигининг вилоят филиали, Бадиий академия мажмуаси, Наркология хизмати бўйича вилоят филиали, Тошкент давлат техника университети вилоят филиали ҳамда Илғор касбий маҳорат техникуми каби объектларнинг меъморий ечимлари ва функционал имкониятлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Вилоят раҳбари ҳар бир лойиҳа бўйича мутасаддилар, меъморлар ва лойиҳа ташкилотлари вакилларининг ахборотларини тинглаб, биноларнинг замонавий талаблар асосида барпо этилиши, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратилиши, яшил ҳудудлар улушини кўпайтириш ҳамда транспорт ва пиёдалар инфратузилмаси билан уйғунлигини таъминлаш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.

Таъкидланганидек, “Nurafshon Business City” келгусида давлат идоралари, таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва хизмат кўрсатиш объектларини бирлаштирган замонавий ишбилармонлик ва жамоат марказига айланиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, Зойир Мирзаев ҳудудда қурилиши давом этаётган вилоят санъат саройида ҳам бўлди. Қурилиш майдонидаги ишлар ҳолати билан яқиндан танишган вилоят ҳокими пудратчи ташкилотлар вакиллари ва қурувчилар билан суҳбатлашди.
Мулоқот давомида қурилиш-монтаж ишларининг сифати, фойдаланилаётган қурилиш материалларининг талаб ва стандартларга мослиги, белгиланган муддатларга қатъий риоя этиш ҳамда меҳнат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят раҳбари мазкур иншоот вилоят маданий ҳаётининг муҳим масканларидан бирига айланишини таъкидлаб, қурилиш ишларини сифатли ва масъулият билан олиб бориш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Қайд этилишича, замонавий меъморий ечимлар асосида бунёд этилаётган санъат саройи турли маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари ва ижодий учрашувларни юқори савияда ўтказиш имконини берадиган йирик мажмуа бўлади.
А.Мусаев, ЎзА