Нурафшонликларнинг қувончи чексиз
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Нурафшон маҳалласида 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти болажонлар учун ўз эшикларини очди.
Кейинги йилларда Нурафшон маҳалласида аҳоли сони ошгани сабаб фарзандлар учун болалар боғчасига эҳтиёж сезилди. Ўтган аср 80 йилларида бунёд қилинган боғча биноси бугунги кун талабига жавоб беролмаслиги учун унинг ўрнида янги иншоот қурилиши бошланганди.

Мактабгача таълим ташкилотининг аввалги биноси 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, икки гуруҳдан иборат мослаштирилган муассасада 3 нафар тарбиячи жажжи ўғил-қизларга билим ва тарбия берган. Табиийки, боғча етарли даражада инфратузилмага эга эмас эди. Иссиқлик тизими йўқлиги сабабли ташкилот мавсумий ишлаб, қишда эса фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.
Ҳудудда янги болалар иншооти қурилиши учун қиймати 3 миллиард 150 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Пудратчи “Жўйнав city савдо барака” МЧЖ томонидан бунёдкорлик ишлари сифатли амалга оширилди. Эндиликда муассаса 120 нафар болажонни ўз бағрига олиш имконига эга бўлди.

– Янги замонавий боғча барча зарур шароитларга эга бўлиб, иссиқлик тизимидан тортиб, болалар учун қулай ўқув ва ўйин хоналари, ётоқхона, ошхона, хавфсиз ўйин майдончалари, ҳатто таълимнинг илғор усулларини қўллаш имкониятлари ҳам яратилган, – дейди муассаса мудираси Гулчеҳра Жўраева. – Бу нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам айни кутилган имконият бўлиб, маҳаллада сифатли таълим олиш имконини яратди.

Барпо қилинган икки қаватли муассасани фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва қурилиш ташкилоти вакиллари иштирок этди. Бинокорлар жамоасига алоҳида миннатдорлик билдирилди. Тадбир иштирокчилари муассасада болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири