Нукусдаги марказда илк битирув маросими ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида илк битирув маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, шу йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Нукус шаҳридаги Транспорт коллежи негизида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги назорати остида Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлаган эди.
Битирув маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Нуруллан Ерлепесов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов таъкидлаганидек, бугун хорижий мамлакатлар, шу ўринда юртимизда жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида ҳам ташқи, ҳам ички меҳнат бозорларида қурилиш соҳасининг малакали мутахассисларига талабни оширмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, талаб ошаётган соҳага ўз касбининг моҳир мутахассисларини тайёрлаш тизимини тубдан яхшилашни тақозо этмоқда.
Барча талабларига жавоб берадиган мазкур марказда яратилган қулай шарт-шароитлар касб танлаш учун бел боғлаган фуқароларнинг малака ва тажриба орттиришида муҳим масканга айланиши, натижада аҳоли бандлиги сезиларли даражада ошиши мумкин.
Муассасада темир-бетон ишлари устаси, ғишт терувчи, электро-газ пайвандчи, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчисининг ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси, кран машинисти каби мутахассисликлар бўйича таълим-тарбия берилади.
Маросимда 3 ойлик курсларни биринчи бўлиб тамомлаган 251 нафар фуқарога мутахассислиги бўйича халқаро даражадаги сертификат тантанали топширилди. Шунингдек, таълим жараёнида тиришқоқлиги, намунали хулқи, шахсий масъулияти учун бир гуруҳ ўқувчи ва ўқитувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Марказда таҳсил олаётган фуқаролар учун қурилиш соҳаси йўналишлари бўйича зарур кўникмаларга эга бўлиши билан бир қаторда хорижий тиллар ҳамда бориши режалаштирилаётган давлатнинг тарихи, анъаналари, урф-одатлари ва қонунчилиги бўйича дастлабки билимлар берилиб, касб-ҳунарга ўргатилади. Бу ерда ўқитилаётган ватандошларимизда миллий маданиятимиз ва тарихий қадриятларимизга ҳурмат руҳини янада юксалтириш, улар онгига ватанпарварлик туйғуси, Ватанга муҳаббат ва меҳнатга масъулият билан ёндашишни чуқур сингдириш таълим тизимининг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Ривожланиб бораётган қурилиш соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргатиш мақсадида таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларни, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этиш тизими йўлга қўйилган.
Марказ учун ажратилган ижтимоий объектларда капитал таъмир ва реконструкция ишлари натижасида замонавий андозаларга асосланган 14 та ўқув ва амалиёт хонаси, 300 ўринли иккита ётоқхона, шинам ва кўркам ошхона, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ҳамда спорт зали барпо этилди. Муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ихтисослашган амалий машғулотлар устахонаси ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида жиҳозлар, зарур дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан жиҳозланди. Таҳсил олувчилар олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлашлари учун 3 гектардан иборат бўлган ўқув полигони учун ер майдони берилган.
Муассасанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ўқув жараёнларида фойдаланиш учун замонавий, сўнгги русумдаги 5 дона автобус, автокран, самосвал, экскаватор, юкловчи каби махсус техникалар ва автотранспорт воситалари, кўтариш кранлари ва ўқув тренажёрлари ажратилган. Қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш World Skills каби халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий, яъни рус ва бошқа тиллар бўйича ўқитиш етакчи маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, битирувчиларга мутахассислиги бўйича жаҳоннинг энг илғор ва етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолиятларини давом эттириш имконини беради.
Даргоҳда 13 та йўналишда таълим олаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам давлатимиз эътиборидан четда қолмаган. Зеро, марказ ўқувчилари бепул махсус кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминланиб, уч маҳал овқатланиши ташкил этилмоқда. Қолаверса, ҳар ойда ўқувчиларга давлатимиз томонидан 560 минг сўм стипендия тўланмоқда.
Тадбир сўнгида Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилди.
[gallery-2979]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА