Нукусда сессия бўлиб ўтди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, тегишли соҳалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Дастлаб сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмитаси таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раисини сайлаш тўғрисида масалалар кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2026 йил 13 апрелдаги қарори асосида Ниязов Исламбек Махсетович Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 37-сонли “Хўжайли” сайлов округидан депутат этиб сайланганлиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг аъзоси этиб сайланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича депутат Ниязов Исламбек Махсетовичнинг номзоди таклиф этилди. Ушбу масала юзасидан депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди ва И.Ниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси этиб сайланди.
[gallery-28868]
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисидаги масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Р.Зарикеев маъруза қилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, юртимизга виза талаб этилмайдиган давлатлар сони 9 тадан 95 тага етказилиб, 137 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилган. Туризм соҳасидаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга субсидия ва имтиёзлар берилмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида жами 299 маданий мерос ва зиёрат объекти рўйхатдан ўтказилиб, шундан 131 археологик, 24 меъморий, 99 монументал объект ва 45 таси диққатга сазовор жойдир. Жумладан, 40 дан ортиқ маданий мерос объекти туризм маршрутларига киритилган.
Сўнгги йилларда юртимизга келаётган хорижий сайёҳларнинг юқори ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасига 2018 йилда 347 минг нафар маҳаллий, 82 минг нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, 2025 йилда эса 2 миллион 65 минг нафар маҳаллий ва 405 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган. 2021 йилда ҳудудда 56 та жойлаштириш ўрни, 42 та туроператор фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб 108 та жойлаштириш ўрни, туроператор ва турфирмалар сони 100 тага етган.
Депутатлар ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ҳудудларда бажарилиши бўйича Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи, Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.