Нукусда сайёҳлик маркази очилди
Нукусда “Қорақалпоқ этно овули” сайёҳлик маркази фойдаланишга топширилди.
Мазкур марказ АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси кўмагида барпо этилди.
2022 йилда USAID маҳаллий тадбиркор Амина Бекжонова раҳбарлигидаги Nitsa Nukus компаниясига умумий қиймати 33 минг АҚШ долларига тенг 15 та ўтов тақдим қилди. Нукус шаҳридаги Ашшикўл бўйига ўрнатилди ушбу ўтовлар сайёҳларни қорақалпоқ маданияти, ошхонаси ва ҳунармандчилиги билан таништириш билан бирга, уларга турар жой ва кўнгилочар тадбирларни тақдим этади.
[gallery-9595]
Ўтовларда меҳмонлар маҳаллий ҳунарманд аёлларнинг қўлда ишланган қорақалпоқ гиламлари, сўзаналари, сувенир ва қандолатчилик маҳсулотларини харид қилишлари ҳамда турли хил қорақалпоқ миллий таомларини татиб кўришлари мумкин бўлади. Ушбу ташаббус доирасида USAID Ўзбекистон бўйлаб агробизнес, ҳунармандчилик, тўқимачилик ва агротуризм каби соҳаларда фаолият юритаётган аёлларнинг хусусий бизнесларини ривожлантириш ва кенгайтириш учун янги технологияларни тақдим этмоқда.
Жумладан, 2022 йил октябрь ҳолатига кўра, USAIDнинг Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси ҳисобидан 40 нафарга яқин тадбиркор аёлга ўз бизнесларини кенгайтириш ва ривожлантириш учун умумий қиймати 600 минг АҚШ долларидан зиёд янги технология ва ускуналар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари “Қорақалпоқ этно овули” сайёҳлик марказининг фаолияти ҳамда меҳмонларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Уларга халқ ҳунармандчилиги ҳамда миллий либослар кўргазмалари, фольклор ва эстрада ижрочиларининг концерт дастури, халқ ўйинлари намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА