Нукусда “Ишга марҳамат” мономаркази очилди
Нукус шаҳрида “Ишга марҳамат” мономарказининг очилиш маросими бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилмоқда.
Нукус шаҳридаги олдинги коммунал-хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисми қайта реконструкцияланиб, “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди. Бу ерда “Нукус агросаноат қурилиш-монтаж” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 10,5 миллиард сўмлик реконструкция ишлари бажарилди. Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Жаҳон банки ҳисобидан 1,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, бугунги кунда босқичма-босқич жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур марказда ишсиз, банд бўлмаган аҳолини 4 та йўналиш бўйича 19 та касб-ҳунарга ва 3 та хорижий тилда ўқитиш ташкил этилади. Жумладан, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича нейл-стилист, косметолог, аёллар сартароши, визажист, эркаклар сартароши, тикувчи, кейтринг хизмати (ошпаз, қандолатчи, сервис хизмати), уқаловчи (болалар учун), батлер-официант, техник соҳа бўйича сантехник, электрик, маиший уй рўзғор электротехник буюмларни таъмирлаш устаси, пайвандловчи юк кўтарувчи кран оператори, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича иссиқхона, гидропоника технологияси, умумий қурилиш соҳаси бўйича гипсокартонга ишлов бериш, ғишт терувчи, сувоқчи ва бўёқчи, хорижий тиллар бўйича рус, инглиз, корейс тиллари ўргатилмоқда.
Марказда қисқа муддатли ўқув курсларида ўқиш 1 ойдан 4 ойгача давом этади. Ҳар бир курс учун белгиланган ўқитиш муддати ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, “World Skills” стандартлари, меҳнат бозоридаги талаб, таклиф ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бошқа таълим тизимидан фарқли ўлароқ, ўқув машғулотлари 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда олиб борилади. Марказ битирувчиларининг касбий малакаси “World Skills” стандартлари асосида баҳоланиб, ундан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинган “Skills паспорти” берилади.
Бугунги кунда марказда 180 нафар фуқаро 2 та йўналишда 9 та касб-ҳунар бўйича таҳсил олмоқда.
Тадбир иштирокчилари марказда тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
[gallery-3242]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА