Нукус гарнизонида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонида Ватанпарварлик ойлиги доирасида муҳим маънавий-маърифий тадбир – “Халқ билан армия бир тану бир жон” шиори остида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийлари, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган офицер ва аскарлар, шунингдек, ёшлар - ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, талаба-ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Учрашувнинг асосий мақсади ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва фуқаролик масъулиятини янада мустаҳкамлашдир.
[gallery-27009]
Тадбир тантанали очилиш маросими билан бошланди. Унда сўзга чиққан ҳарбий округ вакиллари Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилаётган маънавий тадбирлар ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутишини, айниқса, уч авлод вакилларининг бир даврада жам бўлиб мулоқот қилиши ибрат мактаби эканини таъкидлашди. Шунингдек, бугунги кунда армиямизнинг жанговар шайлиги, интизоми ва халқ билан ҳамжиҳатлиги мамлакат тинчлиги ва барқарорлигининг муҳим омили экани қайд этилди.
“Уч авлод учрашуви” доирасида фахрийлар ўз ҳаёт йўллари, машаққатли йиллар хотиралари, Ватан равнақи йўлида кўрсатган фидойиликлари ҳақида самимий сўзлаб беришди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси ва насиҳатлари ёшлар учун бебаҳо сабоқ бўлди. Ҳарбий хизматчилар эса бугунги хизмат шароитлари, замонавий техника ва тайёргарлик жараёнлари, тинчликни сақлаш йўлидаги масъулиятли вазифалар ҳақида сўз юритишди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Бу эса иштирокчиларга бир-бирини янада яхшироқ тушуниш, армияга бўлган ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш имконини берди. Шунингдек, Ватанпарварлик руҳидаги шеърлар, куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Якунда фаол иштирок этган фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар ташаккурномалар билан тақдирланишди. Барча иштирокчилар бундай учрашувлар ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, халқ ва армия бирлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари