Ноз-неъматлар қишда ҳам мўл бўлади
Қиш фасли бошланган бўлса-да, бозорларимизда сархил мева ва полиз маҳсулотларининг мўл-кўллигидан кўз қувонади.
Қиш фасли бошланган бўлса-да, бозорларимизда сархил мева ва полиз маҳсулотларининг мўл-кўллигидан кўз қувонади. Ноз-неъматлар билан тўла расталарни оралар экансиз, кайфиятингиз кўтарилиб, қалбингизда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкин ва фаровон ҳаётга шукроналик ҳисси жўш уради.Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, оилалар фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Шу билан бирга, 2014-2015 йиллар куз-қиш мавсумида бозорларимизда нарх-навони мўътадил сақлаш, узилишларга йўл қўймаслик учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактаблар, мактабгача таълим масканлари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа муассасалари учун мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини жамғариш ишлари якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида аҳолининг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мамлакатимиз миқёсида 615 минг тонна захира яратиш зарур. Шу мақсадда кўплаб тайёрлов, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси томонидан ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
– Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда қиш мавсумида ички истеъмол бозорини барқарор таъминлаш учун уюшмамизда барча чоралар кўрилди, – дейди “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси раисининг ўринбосари Равшан Ҳамидбеков. – Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги ва нархлар ошишининг олдини олиш мақсадида совутгичли омборхоналарда керакли миқдорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилди. Айни вақтда бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Маҳсулотларни жамғариш, уларни сифатли сақлаш учун омборхоналар тегишли тартибда жиҳозланди. Зеро, тайёрлов-сақлов омборлари мавсумга талаб даражасида шай қилинса, аҳолини келаси пишиқчилик мавсумига қадар сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мавжуд омборларни реконструкция қилиш ва замонавий совутиш ускуналари ўрнатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашни янада кўпайтириш мақсадида ўтган йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 47 минг тонналик сиғимга эга янги омборхоналар қурилиб, совутгичлар модернизация қилинди. Натижада захирага қўйиладиган маҳсулотларни сақлашга ихтисослашган сиғимлар 116 минг тоннага, совутгичли сиғимлар 62 минг тоннага етказилди.
– Мамлакатимизнинг барча ҳудудида махсус омборлар қурилиб, маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг озиқ-овқат маҳсулотлари бошқармаси бошлиғи Неъматжон Аҳмаджонов. – Уюшмамиз маҳсулотлар захирасини яратиш билан бирга, уни етиштириш билан ҳам шуғулланмоқда. Мисол учун, озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашни кўпайтириш мақсадида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, 122 гектар интенсив боғ яратилди. 800 гектардан зиёд майдонларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Ҳозир уюшма тизимида тўрт минг икки юздан зиёд фирма дўкони, мини-маркет ва супермаркет фаолият кўрсатаётир. Ҳудудларда янги савдо корхоналари ташкил этилиб, уларда аҳолига хизмат кўрсатиш ҳажми тобора ортмоқда. Ўтган йили Термиз шаҳрида, Денов, Зомин туманларида йирик супермаркетлар ишга туширилди. Жорий йилда чакана савдо тармоғини янада ривожлантириш учун тоғли, бориш қийин ва олис қишлоқ жойларда юзга яқин фирма дўконини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Кўрилаётган бундай пухта тайёргарлик ишлари қиш мавсумида бозорларимизда ноз-неъматлар арзонлиги ва тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.