Ноёб металлар учун рақобат: келажак кимнинг қўлида?
1942 йилда япон қўшинлари дунёдаги энг йирик табиий каучук ишлаб чиқарувчиси Малаяни эгаллаб оли. АҚШ ва Буюк Британия учун бу шунчаки ҳарбий муваффақиятсизликдан кўпроқ нарсани англатарди. Чунки бутун мудофаа саноати хавф остида қолганди. Каучуксиз ҳарбий транспорт воситалари, самолётлар, муҳрлар, кабеллар ва минглаб бошқа компонентлар учун шиналар ишлаб чиқариш имконсиз эди.
Тан олиш керак, бугунги кунда материаллар ўзгарди, аммо глобал сиёсат мантиғи ўзгармади. Энди мамлакатлар каучук ўрнига литюм, ноёб ер металлари, кобалт ва микрочип ишлаб чиқариш учун рақобатлашмоқда. Булар электр транспорт воситалари, сунъий интеллект тизимлари, сунъий йўлдошлар, замонавий электроника ва қуроллар ишлаб чиқариш учун жуда муҳим хом ашё ҳисобланади. Аввалги курашнинг ҳозиргисидан фарқи шундаки, бир аср олдин рақобат фақат конлар учун кечган бўлса, бугунги кунда хом ашёни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш занжирлари ва технологияларни назорат қилиш ҳам бир хил даражада муҳимдир.
Айни пайтда Хитойнинг рақобатчиларидан устунлигини таъминлаётган омиллардан бири ҳам ноёб ер металларини қайта ишлашда етакчи мавқега эга эканидир. Буни яхши англаган АҚШ, ЕИ ва уларнинг иттифоқчилари эса энди муқобил таъминот занжирларини яратишга фаол сармоя киритмоқдалар.
Экспертлар фикрича, ҳозирги санкциялар, экспорт чекловлари ва муҳим ресурсларни қазиб олишга инвестициялар шунчаки иқтисодий сиёсат эмас, улар бир вақтлар каучук плантациялари атрофида юзага келган геосиёсий рақобатнинг давомидир.

Дарҳақиқат, замонавий дунё ақл бовар қилмайдиган тезликда тараққий этмоқда. Айниқса, нодир металлар тезкор алоқа ва тезкор қарор қабул қилиш учун янги имкониятларни очиб бермоқда. Масалан, индий (In) смартфонларимиз экранларини сенсорли қилади, европий (Eu) ва тербий (Tb) экранларимизда қизил ва яшил рангларни яратади, тантал (Ta) конденсаторлари эса қурилмаларимизнинг қувватини бошқаради. Аммо гаджетларимизни мобил қиладиган энг муҳим элемент литийдир (Li).
Литий Катта портлаш пайтида водород ва гелий билан бирга ҳосил бўлган элементдир. Бугунги даврда у муҳим рол ўйнайди. Литийсиз биз биладиган технологияга эга бўлмас эдик. Телефонларимиз катта ва симли бўлар эди ва батареялар умуман ишламас эди. Бу енгил металл бизга энергияни сақлаш имконини берди, натижада ихчам ва кучли батареялар яратилди. Литий сувда ёки керосинда сузиб юради, бу уни ноёб қилади. Шу боис ҳам Литий янги иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи унсурга айланди.
Сўнгги йилларда рақамлаштириш литюмга бўлган талабнинг ўсишига туртки бўлган асосий омилга айланди. Смартфонлар, ноутбуклар ва планшетлар каби электрон қурилмалар сонининг кўпайиши билан самарали ва юқори сиғимли батареяларга эҳтиёж ошди.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Литюм шунингдек, металлургияда қотишмаларнинг эгилувчанлиги ва мустаҳкамлигини ошириш, шиша ишлаб чиқаришда ултрабинафша нурланишини блокировка қилиш, ядро энергиясида тритий ишлаб чиқариш учун ва потенциал равишда термоядро реакторларида қўлланилмоқда. Бундан ташқари, ушбу ноёб элемент тиббиётда биполяр бузилиш ва депрессияни даволашда, сув ўтказмайдиган ва иссиққа чидамли хусусиятларга эга мойлаш материаллари ишлаб чиқаришда, қуёш ва шамол электр станциялари учун энергия сақлаш тизимларида ҳам ишлатилмоқда.
Маълумки, дунёдаги етакчи литюм экспортчилари ва етказиб берувчиларидан бири Австралия ҳисобланади. Сариқ қитъа 2022 йилда литюм металл экспорти ҳажми бўйича олдинги ўринлардан бирини эгаллади. Савдосидан тушган даромад эса 16 миллиард доллардан ошди ва ишлаб чиқариш 10,9 фоизга ўсди. Шуни таъкидлаш керакки, Австралия литюм ишлаб чиқаришнинг катта қисмини Хитойга экспорт қилади. Яқинда у маҳсулотини импорт қилувчи мамлакатлар географиясини кенгайтириб, рўйхатга АҚШ ва Жанубий Кореяни ҳам қўшмоқчи.
Литюмнинг яна бир экспортчиси Чили ҳисобланади. Мамлакатда литий савдоси ўсиб бораётган бўлса-да, ҳозирча даромад 1 миллиард доллар атрофида бўлмоқда. Литюм савдосида кучли учликдан Аргентина ҳам жой олган. Асосий бозорлар қаторига эса Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар киради.
Боливияда дунёдаги энг катта литюм захиралари аниқланган, аммо ўлкада ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳозирда ривожланишнинг дастлабки босқичида.
Хўш, ушбу стратегик рақобатда дунё саноатининг етакчиларидан бири ҳисобланган АҚШнинг ўрни қандай?
“Биз хоҳлаган жойда инқилоб қиламиз! Ундан ўтиб кетамиз!”.
Бу Маскнинг Армани билан ижтимоий тармоқдаги можароси пайтида айтилган гап. Ўшанда Маск “Тесла” Боливиядаги вазиятдан электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш мақсадида арзон қуйма материалларга киришни таъминлаш учун фойдаланаётганини назарда тутган эди.
Кўриниб турибдики, литий билан боғлиқ вазият ушбу ресурснинг аҳамиятини ҳамда бозордаги кескинликни яна бир бор намойиш қилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу ноёб металлни қазиб олиш ва қайта ишлашда ХХР етакчиликни сақлаб турибди. Чин мамлакати узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми сифатида триллионлаб долларлик инвестициялар билан кенг кўламли миллий дастурларни ишлаб чиқмоқда ва бу ёндашув аллақачон ўз самарасини бермоқда. Масалан, Хитой ўз процессорларини муваффақиятли ривожлантирмоқда ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда, натижада мамлакат технологик тараққиётда етакчига айланмоқда.
Хитой шунингдек, литюмни қайта ишлашга фаол сармоя киритмоқда. Мамлакатда хом ашёни қайта ишлайдиган ва литюм-ион батареялар ишлаб чиқарадиган бир нечта гигафабрикалар фаолият юритади.
Бир сўз билан айтганда, хом ашё манбалари ва қайта ишлаш устидан назоратнинг глобал тармоғига эга бўлган Хитой энди халқаро бозорнинг етакчиларидан бирига айланиб улгурди. Бироқ мутахассислар ҳақиқий кураш ҳали олдинда эканини таъкидлашмоқда,
Бинобарин, стратегик хом ашё бозорида ҳадемай янги “ўйинчилар” пайдо бўлишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Имкониятлар эса турлича. Бирида технология яхши, бошқасида маблағ бор, учинчисида эса табиий захира. Гап мамлакатларнинг бу масалада стратегик йўналишни қай тарзда олишида.
С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси