Нотўғри ҳисобланган солиқ бекор қилинди
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг бугуни ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчига айланди. Бунда, албатта, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти беқиёс.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Вакил девонига “Мустақиллик меъмори” МЧЖ (номи ўзгартирилган) мурожаат қилиб, солиқ органи томонидан асоссиз равишда 117 737 489 сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисобланганлигини баён қилиб, уни бекор қилишда амалий ёрдам сўраган.
Вакил томонидан мазкур жамият манфаатида судга ариза билан мурожаат қилиниб, унда битим қалбакилигини аниқлаш солиқ органининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилмасдан, Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг қарори билан нотўғри қўшилган қиймат солиғи ҳисобланганлиги ва бошқа асослар сабабли жавобгар Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг 17.05.2022 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш сўралган.
– Мазкур ариза Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси А.Муҳиддинов томонидан кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари тикланди, – дейди вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси етакчи инспектори И.Сайитов.
Ўлмас Баротов, ЎзА