Ноқонуний юкларни яширишга уринишлар фош этилди
Бугунги глобал иқтисодий муносабатлар шароитида ташқи савдо айланмасининг ошиши божхона назорати самарадорлигини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Айниқса, товар-моддий бойликларни чегара орқали қонуний тартибда олиб ўтишда божхона юк декларациясининг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилиши муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, айрим ҳолатларда айрим тадбиркорлар томонидан божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларни яшириш, уларни бошқа ном остида кўрсатиш ёки умуман декларацияда акс эттирмаслик каби қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда. Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости ходимлари томонидан ана шундай қатор ҳолатлар ўз вақтида аниқланиб, уларга чек қўйилди.

Жумладан, дастлабки ҳолатда хорижий давлатдан импорт тартибида кириб келган юклар “Хавфни бошқариш” тизимида “сариқ йўлак” томон йўналтирилди. Натижада декларацияда умуман қайд этилмаган, умумий қиймати 844 миллион сўмга тенг бўлган қарийб 23 тонна “органик ўғит” маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шу каби яна икки ҳолат ҳам ўз вақтида фош этилди. Уларда ҳам импорт қилинаётган юклар билан божхона юк декларацияси ўртасида жиддий тафовутлар мавжудлиги сабабли товарлар холислар иштирокида батафсил кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида бир ҳолатда 527 миллион сўмлик, иккинчи ҳолатда эса 540 миллион сўмлик агрохимия препаратлари декларацияда кўрсатилмаганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда аниқланган товар-моддий бойликлар белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинган бўлиб, ҳар бир ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Божхона назоратидаги қатъийлик ва тизимли ёндашув давлат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қонунбузарликларга нисбатан муросасиз муносабат эса ташқи савдо жараёнларида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шу боис, барча тадбиркорлардан амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, фаолиятни ҳалол ва очиқ юритиш талаб этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.