Ноқонуний савдога чек қўйилди
Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмаси олдини олиш мақсадида “Фунтик” лақабли хизмат ити ёрдамида Нукус шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда олдиндан олинган тезкор маълумот асосида фуқаро Т.Э “шартли харидор”га 500 АҚШ доллари эвазига ўткир ҳидли қорамтир рангли гиёҳванд моддани истеъмол қилиб кўрсатаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Воқеа жойи ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганда стол устида сигарет қутисида истеъмол қилишга тайёрланган тахминий оғирлиги 0,5 грамм ўткир ҳидли қорамтир рангли гиёҳванд моддаси ҳамда фуқаронинг ёнида 4 капсула “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси, бир дона целофан пакетга ўралган ўткир ҳидли қорамтир рангли гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди.
Мазкур тезкор тадбир давомида оғирлиги 5,32 грамм бўлган “гашиш” гиёҳванд моддаси, ҳар бири 300 мг.дан бўлган жами 1,2 гр. 4 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА