Ноқонуний қурилишлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шаҳарсозлик соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтириш ва урбанизация жараёнларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳаси жадал ривожланиб, қурилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиш ва урбанизация тамойилларига амал қилмаслик ҳолатларига йўл қўймаслик, қурилиш-монтаж ишларида белгиланган тартибларга риоя этилишини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш долзарб бўлмоқда.
Шу мақсадда мазкур қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодекси ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, соҳада Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг шаҳарларни комплекс ривожлантириш, қулай, хавфсиз ва уйғун шаҳар муҳитини шакллантириш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик, яъни ноқонуний қурилишларни амалга ошириш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бош режа, мастер-режа ва қурилиш лойиҳаси талабларини бузган ҳолда амалга оширганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Муҳокамалар давомида ушбу қонун лойиҳаси шаҳарсозлик соҳасида қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланиб, фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
М.Комилова, ЎзА