Ноқонуний босмахоналар фаолиятига чек қуйилди
Китоб инсонга маънавий ва руҳий озуқа беришда энг яқин ҳамроҳлардан бири.
Уни ёзиш ва чоп этиш эса нафақат савобли иш, балки даромад манбаи ҳам ҳисобланади. Бироқ, айрим кимсалар бу имкониятдан қонунга зид равишда фойдаланиб, тегишли рухсатномаларсиз китоб чоп этиш ва тарқатиш билан шуғулланмоқда.
Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида аниқланган ҳолатлар бунинг мисоли. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар давомида контрафакт диний адабиётларни чоп этиш билан шуғулланган ноқонуний босмахоналар фаолиятига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Бувайда туманида ноқонуний босмахона фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, 1986 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қариндошлари билан биргаликда тегишли лицензия ва рухсатномаларсиз диний мазмундаги китобларни чоп этишни йўлга қўйган.
Тезкор тадбир давомида босмахонадан 17 минг 579 дона тайёр ва 500 килограммдан ортиқ ярим тайёр контрафакт китоблар, шунингдек, тўртта босма ва елимлаш ускунаси ашёвий далил сифатида олинди. Бундан ташқари, ушбу манзилдан 216 минг дона пиротехника воситаси ҳам мусодара қилинди.
Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳам қайд этилди. У ерда 1981 йилда туғилган фуқарога тегишли ноқонуний босмахонадан 8,5 мингдан ортиқ контрафакт диний адабиёт процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА