Ноқонуний балиқ овлаганларга чора кўрилди
Тошкент вилояти Экология бошқармаси инспекторлари ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан Ўрта Чирчиқ тумани Ўртабўз маҳалласи атрофидаги Тошкент сув омбори ҳудудида ноқонуний балиқ овлашнинг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Аввал ҳам бу жойларда қонунбузарлик ҳолатлари кўп бор учрагани ҳақида маълумотлар бўлган эди. Ушбу тадбир давомида давлат инспекторлари ноқонуний тарзда балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларни аниқлаб, уларнинг қилмишларига чек қўйди. Жумладан, туманда яшовчи 1988 йили туғилган фуқаро С.Ч, 1991 йили туғилган фуқаро И.Н ва 2003 йили туғилган фуқаро Н.Ж. томонидан сув омборида махсус тўрлар билан ноқонуний равишда балиқ овлаётган пайтда ушланган.

Инспекторлар ҳолатни тўлиқ ўрганиб, ҳуқуқбузарларнинг ёнидан жами 116 дона 42 килограмм вазнга тенг бўлган “Оқ сила”, “Товон”, “Зоғора” ҳамда “Оқ қайроқ” каби балиқлар топилди. Ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан баённома расмийлаштирилди.

Шунингдек, рейд давомида ҳуқуқбузарлардан 3 дона қайиқ ҳамда 2 минг метрдан зиёд тўрлар ҳолатга ойдинлик киритилганга қадар вақтинча сақлаш учун Тошкент вилояти Экология бошқармаси омборхонасига жойлаштирилди. Ушбу ҳолатга қонуний баҳо бериш учун ҳозирги вақтда тўпланган ҳужжатлар Ўрта Чирчиқ тумани Фуқаролик ишлари бўйича судига тақдим этиш чоралари кўрилди.


Жорий йил бошидан буён ноқонуний балиқ овлашнинг олдини олиш бўйича 30та ҳуқуқбузарликлар аниқланган бўлиб, унда қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар қўрилган.
А.Мусаев,ЎзА.