Номзодлар сафи кенгаймоқда
Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг Тошкент вилояти босқичи ташкил этилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева иштирок этди.
Тадбирда истеъдодли қизларни танлаш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда, ижодкор, санъатсевар, олима, оқила, шоира, спортчи қизлар сафини кенгайиб боришида мазкур танлов муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Танловнинг 22 та шаҳар-туман босқичида иштирок этган 408 нафар иқтидорли қизлар орасидан 105 нафари вилоят босқичига етиб келгани маълум қилинди.


– Мазкур танловга ҳар йили турли йўналишларда минглаб қизларимиз ўз маҳоратини намойиш қилиш учун қатнашади, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н.Нормирзаева. – Бундан жуда хурсандмиз. Йил сайин номзодларнинг ўз устида ишлаши, эришаётган ютуқларининг салмоғи ҳам юқори бўлмоқда.


Танлов жараёнида барча иштирокчиларнинг ижодий ишлари, сиёсий-ижтимоий билимлари, истеъдодини бир неча йўналишларда ҳакамлар аъзолари баҳолаб борди. Белгиланган тартибга кўра, якунда сараланган номзодлар Республика босқичига йўл олади.


А.Мусаев, ЎзА.