Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади
Бу ҳақда “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан Давлат бюджетидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида саратон касалликларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда қуйидаги хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади.
Саратон касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда ўтказиладиган лабораторий ва инструментал диагностик текширувлар. Саратон касалликларини ташхислаш ва уларнинг босқичини аниқлаш. Жарроҳлик амалиётлари. Медикаментоз (1-гуруҳдаги (базавий) ўсмага қарши, гормонал ҳамда қўллаб-қувватловчи терапияда қўлланадиган дори воситалари) ва нур терапияси. Паллиатив ёрдам. Реабилитация ва диспансер кузатуви бўйича хизматлар.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳузурида Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади.
ЎзА