Ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
ногиронликни эрта аниқлаш ва олдини олишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассисларининг масъулиятини ошириш;
ногиронликни белгилаш жараёнларининг шаффофлигини ошириш орқали соҳадаги бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омилларни бартараф этиш;
шахсларнинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини баҳолаш натижаларини инобатга олган ҳолда ногиронликни белгилаш тизимини жорий этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоийлаштириш учун уларнинг эҳтиёжларини тўғри ва ўз вақтида аниқлаш каби асосий йўналишлар белгилаб берилди.
Қарор билан ногиронликни белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида:
фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;
тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади. Бунда врачлик-маслаҳат комиссиялари оилавий шифокорлар томонидан тиббий ҳужжатлар ўз вақтида тўғри расмийлаштирилган ҳолда юборилишига услубий кўмаклашади;
"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий хусусиятлар ва шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябрга қадар ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;
шахс соғлигининг ҳолатига кўра "Инсон" марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлигининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснин гуйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;
2024 йил 1 октябрдан бошлаб ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб:
фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;
ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ва ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда шахснинг клиник-функционал бузилишларининг тавсифидан келиб чиқиб ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида шакллантирилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан фақат тиббий ҳужжатларга асосан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронликни шахс соғлигининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади.
2025 йил 1 апрелга қадар қуйидаги вазирлик ва идоралар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб уларни касбга, таълимга ва спортга йўналтириш тартибини ишлаб чиқиш учун масъул этиб белгиланади:
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги - тарбия ва таълимга йўналтириш бўйича;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги - касбга тайёрлаш ва йўналтириш бўйича;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - бандликни таъминлаш бўйича;
Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги - оммавий спорт ва параспортга йўналтириш бўйича.
ЎзА