Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсқинлик қилаётган муаммолар таҳлил қилинди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ташкил қилиб келинаётган “Мунозара майдони” клубининг навбатдаги сессиясида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши, инфратузилма ва хизматлардан эркин фойдаланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар таҳлили” мавзуси муҳокама қилинди. Сессияда турли мутасадди ташкилотлар вакиллари, экспертлар, партия фаоллари ва депутатлар иштирок этиб, кун тартибидаги масала юзасидан мавжуд муаммоларни ўртага ташлади ва қатор таклиф ва тавсияларни илгари сурди.
Таъкидлаш лозимки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат ва жамоат биноларига пандуслар, лифтлар, тактил йўлаклар ҳамда имконияти чекланган шахслар учун махсус санитария хоналари ўрнатилмоқда. Йўл-транспорт инфратузилмасида пиёдалар ўтиш жойлари, жамоат транспорти бекатлари ва светофорлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мослаштирилмоқда. Шунингдек, паст полли автобуслар сонини кўпайтириш, овозли ва визуал ахборот тизимларини жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда.
Рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Давлат хизматларининг электрон шаклда тақдим этилиши, веб-сайтлар ва мобил иловаларнинг қулайлик талабларига мувофиқлаштирилиши ногиронлиги бўлган шахслар учун хизматлардан мустақил фойдаланиш имкониятини оширмоқда.
Мунозаралар давомида бу каби ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаёт кечириши, таълим олиши, меҳнат қилиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун қулай муҳит яратишга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликлар, муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишга кириши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр алмашилди. Янги қурилаётган бино-иншоотларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаб лойиҳаланишидаги муаммолар ва қонун бузилиш ҳолатлари ўртага ташланди. Бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА