Ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги учун янги имкониятлар
Тошкент вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг оммалаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Инсон учун” кўргазма-савдоси ўтказилмоқда.
Навбатдаги тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг меҳнат салоҳияти ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма-савдо орқали улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг жамоатчиликка танитиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, маҳсулотлар учун харидорлар топиш ва бандлик имкониятларини кенгайтиришга шароит яратилмоқда. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз меҳнати орқали даромад топиши, иқтисодий фаоллигини ошириши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Кўргазма-савдода вилоятнинг 22 та туман ва шаҳрида фаолият юритаётган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган 20 нафардан ортиқ тадбиркор 100 дан зиёд турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди. Шу билан бирга, ҳунармандчилик, мебелсозлик, тикувчилик, озиқ-овқат ва бошқа йўналишларда тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилди.

Шунингдек, тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган ташкилот ва фуқаролар учун шартномалар тузиш, намойиш этилаётган маҳсулотларни харид қилиш имкониятлари ҳам яратилди.
А.Мусаев,ЎзА