Нодирбек Ёқуббоев “Аэропорт опен” турнирида совриндор бўлди
Россия пойтахти Москва шаҳрида шахмат бўйича мукофот жамғармаси 15 миллион рублдан иборат “Аэропорт опен” халқаро турнирининг асосий баҳсларида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 3-ўринни эгаллади.
Умумий ҳисобда 500 нафардан зиёд шахматчи иштирок этган мусобақанинг асосий баҳсларида 12 давлатдан 142 нафар шахматчи ғолиблик учун кураш олиб борди. Ёш шахматчилар иштирокидаги мусобақалар 340 дан зиёд қатнашчини жамлади.

9 турдан иборат “Аэропорт опен” турнири якунида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 6,5 очко жамғарган ҳолда 3-ўрин соҳиби бўлди. Мусобақада эронлик Муҳаммад Амин Табатабаи 7,5 очко билан ғолибликка эришди. 2-ўрин Ёқуббоев билан бир хил очко жамғарган россиялик Андрей Есипенкога насиб этди.

Мазкур нуфузли мусобақада дона сурган юртимиз шахматчиларидан Абдумалик Абдусалимов, Саидакбар Саидалиев, Шамсиддин Воҳидов, Олмос Раҳматиллаев кучлилар турнирида 5,5 очкога эга бўлган ҳолда 24-39-поғоналар оралиғидан жой олди.

“Аэропорт опен” халқаро турнирининг аёллар ўртасидаги мусобақасида қозоғистонлик Бибисара Асаубаева 5,5 очко билан ғолибликни тантана қилди.
Т. Рўзиев, ЎзА