Нодирбек “Соҳибқирон кубоги” соҳиби
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда шахмат бўйича илк маротаба ўтказилган “Соҳибқирон кубоги-2021” халқаро турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Умумий мукофот жамғармаси 50 минг доллар бўлган турнирда мамлакатимиз ва ўнга яқин чет давлатларнинг иқтидорли шахматчилари қатнашди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг рапид йўналишида дастлабки учта ўринни юртимиз шахматчилари қўлга киритди.
Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, яқинда Георгий Агзамов хотирасига бағишланган 14-анъанавий халқаро турнирда омади чопмаган Нодирбек Абдусатторов бу сафар бехато ҳаракат қилди ва 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринлардан Шамсиддин ва Жаҳонгир Воҳидовлар жой олди. 4-ўрин арманистонлик Мануел Петросянга насиб этди.

Халқаро турнирда ўзбекистонлик Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова, Асал Салимова ва қозоғистонлик Аиткази Баймурзин ўз йўналишларида ғолибликка эришди.
“Соҳибқирон кубоги-2021” турнирининг ғолиб ва совриндорлари тегишли даражадаги диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА