Нодирбек Абдусатторов – жаҳон чемпиони!
“Бу номни эслаб қолинг!”
2014 йили “Chess24.com” сайтида эълон қилинган бир мақола “Бу номни эслаб қолинг!” деб номланган эди. Унда ҳали 10 ёшни тўлдирмаган Нодирбек Абдусатторовнинг Георгий Аъзамов хотира турнирида халқаро гроссмейстерлар Андрей Жигалко ва Рустам Ҳуснутдиновни мағлуб этган партиялари таҳлил қилинган.
Экспертлар 9 ёшли шахматчимизнинг иқтидорига юксак баҳо бериб, унинг келажагига ишонч билдирган. Ўша пайти кучли рақиблари рейтинги билан Нодирбекнинг рейтинги ўртасидаги фарқ шундай эди:
Абдусатторов (2057) – Жигалко (2600): 1-0; 543 пункт;
Абдусатторов (2057) – Ҳуснутдинов (2495): 1-0; 438 пункт.
Рустам Қосимжонов: “Нодирбек менинг 9 ёшимдагидан кўра кучли ўйнаяпти!”
Ўша йили ўн еттинчи жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов бир интервьюсида шундай фикр билдирганди: “Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган турнирда тўққиз яшар иқтидор эгаси Нодирбек Абдусатторовнинг гроссмейстерларни мағлуб этган икки партиясини кузатдим. Шунга амин бўлдимки, у менинг тўққиз яшар пайтимдагига нисбатан кучлироқ ўйнаяпти. Нодирбек эришган натижаларида тўхтаб қолмаслиги керак. Шахматда ўсиш ўз-ўзидан рўй бермайди, техника устида тинимсиз ишлаши лозим. Қобилият, иқтидорнинг ўзи ҳеч нимага кафолат бермайди”.
Ҳавас уйғотадиган қадамлар:
- 5 ёшида 8 ёшгача болалар ўртасида Тошкент шаҳар чемпиони;
- 8 ёшида болалар ўртасида жаҳон чемпиони;
- 9 ёшида 2 нафар гроссмейстерни мағлуб этиш;
- 11 ёшида FIDEнинг Жаҳоннинг 20 ёшгача энг кучли 100 шахматчиси рўйхатидан ўрин олиб, жаҳон рекордини ўрнатиш;
- 13 ёшида халқаро гроссмейстер;
- ўсмирлар ўртасида Жаҳон терма жамоаси сафида;
-14 ёшида Ўзбекистон терма жамоасида катталар ўртасида Жаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этиш;
- ўсмирлар ўртасида Жаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони;
- 15 ёшида Жаҳон Кубоги учун курашиш;
- 17 ёшида рапид йўналишида жаҳон чемпиони бўлиш
ҳаммага ҳам насиб этавермайди!
Дмитрий Қаюмов: “Бу даражадаги улкан истеъдод соҳибини энди учратишим”
Таниқли мураббий, марҳум халқаро гроссмейстер Дмитрий Қаюмов бундан беш йил олдин шундай деган эди: “Нодирбек билан 7 ёшидан буён машғулот олиб бораман. 8 ёшида тенгдошлари орасида жаҳон чемпиони бўлди. 10 ёшида 2-ўринни олди. 12 ёшида 13 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпиони ҳамда блиц йўналишида 17 ёшгача ўқувчилар ўртасида жаҳон чемпиони...
1972 йилдан буён мураббийлик қиламан. Бир қанча халқаро гроссмейстер ва халқаро мастерларни тайёрладим, аммо бу даражадаги улкан истеъдод соҳибини энди учратишим. Ажабтовур хотира, ўз устида ишлашга тийиқсиз иштиёқ, дона сураётгандаги мустаҳкам спортча характер, фақат ва фақат ғалаба учун ўйнаш!
Нодирбек келажакда жаҳон шахмат тожи учун курашишга тўла қодир, деб ўйлайман. Бунинг учун у ҳозир халқаро турнирларда кўпроқ ўйнаши керак. Буни амалга ошириш учун эса ҳомийлар кўмаги зарур...”.
“Фақат Ўзбекистон учун ўйнайди”
Нодирбекнинг ютуқларида ҳиссаси бор инсонларни оламшумул ғалаба билан табриклайман ва шахмат мухлислари номидан миннатдорлик билдираман:
Бобоси Абдусаттор Очилов – Нарпай тумани Болғали қишлоғидаги 38 мактабда узоқ йиллар болаларга дарс берган. Ҳозир нафақада. Фарзандларини ҳалол луқма билан тарбиялаб вояга етказгани учун!
Отаси Фазлиддин Очилов – полковник, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ўқитувчиси. Болалари қобилиятини ўз вақтида пайқаб, тўғри йўналиш бергани, машаққатлар билан бўлса-да, Нодирбекнинг халқаро мусобақаларда иштирокига шароит яратиб бергани, гроссмейстерлик турнирларига юборишга маблағ, имконият тополмай юрганида Россия ва яна бир неча давлат вакиллари “бизнинг байроғимиз остида ўйнаса, тўкис шароит қилиб берамиз” деганида қатъий рад этгани, “Ўзбекистондан кетмайди, фақат Ўзбекистон учун ўйнайди!” дея қарор бергани учун!
Онаси Марзия Очилова – ўқиш, ишлаш, карьера қилишдан воз кечиб, бутун эътиборини Нодирбекнинг истеъдодини парваришлаш, намоён этишга, ривожлантиришга бағишлагани учун!
Мураббийи марҳум халқаро гроссмейстер Дмитрий Қаюмов – профессионал шахматга тўғри йўналтириб, истеъдоди янада сайқаллашишига қўшган ҳиссаси учун!
Биринчи мураббийи Равшан Шукуров – шундай иқтидорли шахматчини кашф этгани учун!
Ҳусан КАРВОНЛИ,
журналист
ЎзА