Нодира танлов ғолибаси бўлди
Гулистон давлат педагогика институтининг технология йўналиши 2-босқич талабаси Нодира Орифжон қизи Искандарова Россия давлатининг Нижний Новгород шаҳрида ўтган Халқаро ва Бутунроссия фестивалининг “Таланты России” масофавий очиқ танловида иштирок этиб, 1-даражали диплом билан тақдирланди.
Ушбу танлов 2014 йилдан буён Россия давлатининг Маданият, Маориф ва фан вазирликлари томонидан ўтказилиб келинади. Танловнинг асосий мақсади талантли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, илмий билимлар, ижодий ва спортдаги ютуқларини тарғибот-ташвиқот қилишдан иборатдир.

Фестивалнинг “Таланты России” танлови интернет тармоғи орқали ўтказилади ва чегара билмайди. Нодира Искандарова Халқаро танловда “Декоративно-прикладное товорчество” (“Амалий-декоратив ижод”) йўналишида қўлда тўқиган “Опа-сингиллар” (“Сёстры”) қўғирчоқлари билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати бир овоздан танловга тақдим этилган ижодий ишнинг барча қирраларини юқори баҳолади. Булар – ижодий ишнинг тугалланганлиги, танлов талабларига тўлиқ жавоб бериши, ёш тоифасига тўғри келиши, ҳеч қандай камчилиги йўқлиги баҳолашда профессионал ҳакамлар ҳайъатининг якдил қарорга келишига сабаб бўлди. Нодира Искандарованинг “Опа-сингиллар” ижодий ишини нуфузли ҳакамлар ҳайъати 9,4 балл билан баҳолади.

– Менинг бу ютуғим 2024 йилни муҳтарам Президентимиз “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилган йилга тўғри келди, – дейди Нодира. – Ўзбекистонлик ёшлар орасида иқтидорлилар жуда кўп. Менинг назаримда энди тенгдошларим ўзларини кўрсатадиган пайт келди.

Ш.Суяров, ЎзА.