Нодир металлар экспорти ҳажми ошмоқда
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг йил сайин экспорт ва ишлаб чиқариш салоҳияти юксалиб бормоқда.
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг йил сайин экспорт ва ишлаб чиқариш салоҳияти юксалиб бормоқда.
Айни коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам комбинатнинг белгиланган ишлаб чиқариш ва экспорт режаларини ортиғи билан бажаришда Нодир металлар ва қаттиқ қотишмаларни ишлаб чиқариш корхонасининг ўз ўрни бор, албатта.
Маълумотларга кўра, комбинат таркибидаги мазкур корхонанинг ўсиш суръати 107 фоизни ташкил этмоқда. Бугунги кунда заводда мингдан зиёд маҳсулот тури ишлаб чиқарилгани ҳолда экспорт режаси 107 фоиздан зиёдга уддаланмоқда.

Хусусан, мазкур саноат корхонасининг 99 фоиз маҳсулоти Европа, Жанубий Америка мамлакатлари, Россия ва Канада каби давлатларга экспорт қилиняпти. Шунингдек, яқиндан бошлаб Жанубий Кореяга молибден тузларини экспорт қилиш режалаштирилган.
Комбинат ахборот хизматидан маълум қилишларича, маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, йил бошида 31 турдаги қарийб 55 миллиард сўмлик маҳсулот маҳаллийлаштирилиши кўзда тутилган эди. Бугунги кунга келиб 40 миллиард сўмлик маҳсулот маҳаллийлаштирилди. Шунингдек, заводда керамик маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ишлар ҳам жадаллик билан ривожланмоқда. Аҳамиятлиси, соҳа бўйича авваллари импорт қилинаётган баъзи маҳсулотлар энди заводнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.
Дунёдаги оғир пандемия шароитига қарамай фаолияти узлуксиз давом этиб келаётган мазкур корхонанинг кукун, штабиклар кўринишидаги вольфрам ва молибден маҳсулотлари, турли кесимлардаги симлар, молибденли айланали ва силлиқ прокат, қаттиқ металларнинг қотишмалари, кукунли металлургия услубида олинадиган вольфрам, молибден ва ренийнинг монокристаллари каби маҳсулотлари ҳам ички, ҳам ташқи бозорда талабгир маҳсулотлар саналади.