ННТлар фаоллиги ортмоқда
Андижон давлат педагогика институтида “Демократик ислоҳотлар: фуқаролик жамиятининг мафкуравий манзараси ва ННТлар трансфор-мацияси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

– Тадбирдан кўзланган мақсад, вилоятда фаолият юритаётган ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг демократик ислоҳотлар, маънавий-мафкуравий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва ролини кучайтиришдан иборат, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Атахонов. – Қолаверса, тадбир иштирокчиларининг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам ёрдам беради.

Давра суҳбатида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга оид қатор мақсад, вазифа ва кўрсаткичлар, Давлат дастурларида фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар фаолиятини янада кучайтириш билан боғлиқ бандлар белгилангани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий, маънавий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Бугунги кунда давлат ва жамият бошқарувида “Инсон қадри учун” тамойилининг устувор этиб белгиланиши фуқаролик жамияти институтлари зиммасига нафақат ижтимоий шериклик, балки давлат ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифасини ҳам юкламоқда. Бу ўз навбатида, мамлакатнинг мафкуравий манзарасини тубдан ўзгартириб, фуқаролик жамияти субъектларининг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Иштирокчилар вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари, ижтимоий фаоллик ва ташаббус кўрсатишлари, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда янада фаол иштирок этишлари зарурлиги айтилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.