НКМК:ишчи-ходимлар ижтимоий ҳимояси доимо эътиборда
Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси бу йил корхонанинг 65 йиллигини кенг нишонламоқда. Шонли санани нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида касаба уюшмалари асосий ташкилотчи ва ташаббускорлардан биридир.
Қуйида ҳавола этиладиган суҳбатимиз ҳам комбинат ташкил топганлигининг 65 йиллиги ҳамда касаба уюшмалари кунига бағишланди.
– Дарвоқе, ҳар иккала байрамга пухта тайёргарлик кўрилди, – дейди НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Исроил Раҳматов. – Комбинатнинг 65 йиллиги нишонланаётгани кўп минг кишилик жамоамизни ниҳоятда руҳлантирмоқда. Юбилейга бағишлаб ҳужжатли фильм, видеоролик, комбинат тарихи китоби, фотоальбом, “Кончилар ҳаёти” газетасининг махсус сони тайёрланмоқда. Байрамни ҳар бир бўлинмада кўтаринки руҳда нишонлаш, ҳамкасбларимиз, фахрийларимизга қувонч улашиш учун кўплаб спорт ва оммавий-маданий дастурлар ўтказилмоқда.
Жумладан, турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақаларидан ташқари, фахрийларимизнинг ҳолидан хабар олиш, совға-саломлар ва озиқ-овқатлар тўпламларини улашиш, байрам дастурхонлари ташкил этиш, фаолларни рағбатлантириш ва бошқа йўналишларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир бўлинма ҳаётида, ишчи-ходимларимиз қалбида қўшалоқ айём шукуҳи, байрамона кайфият ҳукмрон. Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти эътиборга олиниб, юртимизда 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” деб эътироф этилгани барча касаба уюшмалари тизимида хизмат қилаётган ходимларга алоҳида фахр-ифтихор бағишлади. Ушбу кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб, ўз сафида кўплаб инсонларни бирлаштирган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас кун бўлди. Соҳамизнинг жонкуяр ва фидойи ходимлари бунга жавобан масъулиятли ва серқирра фаолиятини кенгайтириб, ишчи ва хизматчиларнинг касбий, меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларини янада кучайтирмоқда.
– Комбинатнинг нуфузи, жамоа эришаётган ютуқлари ҳақида ҳам ўз фикрларингизни билдирсангиз?
– Комбинат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йилдан-йилга ошира бориб республикамиз иқтисодини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Қўлга киритилаётган ютуқлар қарийб 47 минг кишилик комбинат жамоасининг доимий изланиши, интилиши, матонатли меҳнати туфайлидир. Давлатимиз раҳбари томонидан комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури 65 йиллиги нишонланаётган корхона тарихида янги истиқболларни очди. Кейинги етти йилда замонавий гидрометаллургия заводлари барпо этилди, янги конлар очилди, кўплаб ижтимоий объектлар қад ростлади. Мана шундай залворли одимлар, ютуқлар билан комбинатнинг янги тарихи яратилмоқда. Бундай марралар билан ғурурланмай бўладими?!
Олтин ва кумуш ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асоси, юрт куч-қудрати, улкан бойлик ҳисобланади. Комбинатда ишлаб чиқарилаётган олтин янги Ўзбекистон хазинасини бойитяпти, юртимизнинг довруғини оширяпти. Бунга эришиш учун кончи ва металлурглар, олтин ишлаб чиқаришга у ёки бу жиҳатдан алоқадор турли касб эгалари кеча-ю кундуз меҳнат қилиши, ҳаловатидан кечиши, Қизилқумнинг қаҳратон совуғи, саҳронинг иссиғига чидаши, жасоратли меҳнат қилиши талаб этилади.
Назаримда бугун моддий манфаатдорлиги ҳар жиҳатдан юқори бўлган, замонавий иш шароити ва жуда катта ижтимоий пакетга эга комбинатда ишлаётган ҳар бир ҳамкасбимиз, уларнинг оиласи ўзини бахтли ҳисоблайди. Яширмайман: биз билан бир сафда ишлашни орзу-ҳавас қилганлар қанча?! Шу боис, юзга яқин касб эгалари, қирққа яқин миллат ва элат вакиллари, ўн уч минг нафар ёшлар, ўн минг нафарга яқин хотин-қизлардан таркиб топган аҳил жамоада бир оиладек бўлиб ишлаш ҳар биримиз учун улкан шараф, шу билан бирга, катта масъулият ҳамдир.
– Ишчилар комбинатнинг асосий бойлиги. Ушбу эзгу ғоя корхона ҳаётида азалдан бардавом. Шундай эмасми?
– Қаерда ижтимоий адолат барқарор бўлса, албатта, ўша ерда муваффақиятга эришилади, одамлар ҳаётидан рози бўлади. Меҳнаткашларимиз қалбида шукуроналик туйғуси кундан-кунга ошмоқда. Касаба уюшмаларининг амалий фаолияти ҳар бир меҳнаткаш учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, оиласи ва фарзандининг келажаги, маънавий жиҳатдан соғломлиги ҳамда бахту-саодатини таъминлашга йўналтирилган. Албатта, ишчилар Навоий кон –металлургия комбинатининг энг асосий бойлиги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам комбинатнинг ижтимоий сиёсати одамларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш ва оширишга қаратилган. Бу эса ўз ўрнида ҳудудий ривожланиш ҳамда ижтимоий барқарорликка салмоқли ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Касаба уюшмаси Кенгаши ўз сафида минглаб аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Ушбу устувор вазифаларни самарали бажариш учун касаба уюшмаси Кенгаши тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда.

– Маълумки, касаба уюшмаси Кенгаши ўз фаолиятини меҳнатни муҳофаза қилиш, Жамоа шартномаси, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига таянган ҳолда амалга оширади. Бу борада олиб борилаётган ишлар кўлами қандай?
–Комбинатнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасида иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасида муносабатларнинг ҳуқуқий асослари, энг муҳими ишчи-хизматчиларнинг меҳнат қилиши, меҳнатга ҳақ тўлаш, дам олиш, саломатлигини мустаҳкамлаши учун шароит яратиш ва бошқа ижтимоий ҳимоя кафолатлари ўз аксини топган. Корхонамизда меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги доимий назорат қилиб борилмоқда. Сир эмас, кон-металлургия саноати инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ишлаб чиқаришлар, хатарлар, мураккаб жараёнлар билан боғлиқ. Шу боис бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишчиларнинг махсус оёқ кийими, усти-бош ва бошқа ҳимоя воситалари билан таъминланиши, овқатланиш сифати, бўлинмаларнинг санитария ҳолати ва ишлаб чиқаришда зарурий шароитлар яратилиши ҳам назоратда. Раҳбарият ташаббуси билан касаба уюшма вакилларининг маъмурият билан биргаликда иш жойлари, ишлаб чиқариш участкалари ва цехларда меҳнат шароитлари, муҳофазаси, унга риоя этилиш ҳолати, ходимларни йўриқномалардан ўтказиш юзасидан мақсадли ўрганишлар олиб бориш тизимли йўлга қўйилди.

Комбинат муҳандис-техник ходимларнинг меҳнат муҳофазаси юзасидан билим даражаларини ошириш мақсадида улар ўртасида “Ишнинг энг яхши ташкилотчиси ва меҳнат муҳофазаси бўйича қонун ва қоидалар билимдони”, меҳнат муҳофазаси вакиллари ўртасида эса “Йилнинг энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” ҳамда 11 та йўналиш бўйича “Йилнинг энг яхши ёш мутахассиси” каби танловлар ўтказилмоқда. Ғолиблар муносиб тақдираниб, истиқболли кадрлар захирасига киритилмоқда. Комбинатда меҳнат интизомига қаттиқ риоя қилинади. Эришилаётган ютуқлар замирида ҳам меҳнат интизомини кучайтиришга қаратилаётган эътибор мужассам.
– Комбинатда меҳнаткашлар ва уларнинг оила-аъзоларини соғломлаштириш ҳамда маданий савиясини ошириш бўйича қандай имконият ва шароитлар яратилмоқда?
– Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун Тиббий – санитария бўлими ва унинг жойлардаги Тиббий – санитария қисмлари замонавий ташхислаш-даволаш ускуналари билан таъминланган. Корхоналарда профилактик кўрик ва соғломлаштириш тадбирларини олиб бориш, бирламчи малакали тиббий ёрдамни кўрсатиш мақсадида тиббий пунктлар тармоғи ҳам ташкил этилган. Тиббий-санитария бўлимлари томонидан 100 минг нафардан зиёд кишига тиббий хизмат кўрсатилиб келинмоқда.
Меҳнаткашларни соғломлаштириш мақсадида касаба уюшмаси томонидан “НКМК” санаторийси, “Кончи” сиҳатгоҳи, “Тўдакўл” дам олиш базаси, “Металлург” ва “Нуробод” санаторий-профилакторийлари, Ялта ва Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийлари, “Турон”, “Оқтош”, “Чинобод”, “Умид гулшани”, “Бўстон”, “Ситораи Моҳи Хосса”, “Чортоқ”, “Чимён” санаторийларига имтиёзли нархларда ҳар йили 15 мингта йўлланма ажратилади. Шу ўринда айтиш жоизки, 2019 йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманида 150 ўринга мўлжалланган яна бир санаторий фойдаланишга топширилди. Чимён тоғли ҳудудида жойлашган “Горняк” пансионати жорий йил капитал таъмирдан сўнг иш бошлади. Мавсумий дам олиш учун бу йил “Тўдакул” оромгоҳи янгиланган ҳолда ишга туширилди. Навоий, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Зафаробод шаҳар типидаги аҳоли пунктида жойлашган Тиббий – санитария бўлимлари 110 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Барча муассасаларда замонавий тиббий ва диагностика жиҳозлари ўрнатилган. З-Тиббий-санитария бўлимида “Она ва бола скрининг маркази” фаолият олиб бормоқда. 2019-2021 йилларда жами 150 миллиард сўмлик даволаш-диагностика тиббиёт ускуналари олинди. Бундан ташқари, ички туризмни ривожлантириш мақсадида 10 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари Хива, Тошкент, Бухоро, Шаҳрисабз, Самарқанд каби тарихий шаҳарларга саёҳат қилди.
Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнаткашлар ва уларнинг оилалари маданий-маърифий ҳордиқ чиқариши учун етарлича шароит яратилмоқда. Бунда, Навоий шаҳридаги “Фарҳод” ва Учқудуқ шаҳридаги “Учқудуқ” маданият саройлари, Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” ва Нуробод шаҳридаги “Нуробод” маданият уйлари, Зафаробод қўрғонидаги “Ёшлик” маданият ва спорт маркази, Кармана туманидаги “Наврўз” клуби, Заркент қўрғонидаги “Кончи” маданият-спорт мажмуаси, Навоийдаги болалар ижодиёти маркази каби масканларда юзлаб истеъдодлар ўзларининг иқтидорларини намоён этиш йўлида маҳоратини оширмоқда. Бу муассасаларда 170 дан ортиқ бадиий жамоалар ва тўгараклар ташкил этилган бўлиб, 26 таси “Халқона” ва “Намунали” деган мақомга эга. Уларда айни пайтда 4500 нафарга яқин болалар ва катталар шуғулланмоқда. Бадиий жамоалар бир неча маротаба республика ва халқаро танловлар ғолиблари сафидан ўрин олган. Юртбошимизнинг бешта ташаббусига ҳамоҳанг тарзда китоб мутолааси, китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод шаҳарларида умумий миқдори 343 мингдан ортиқ китоб фонди бўлган кутубхоналар мавжуд. Уларга ҳар йили 25,5 минг нафарга яқин китобхон ташриф буюради. Китобсеварларнинг 8,5 минг нафарга яқинини 15 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
– Касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимлар, пенсионерлар ва ёшларга қандай кўмак кўрсатиляпти?
– Турли сана ва байрамлар муносабати билан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилдики, бунинг натижаси ўлароқ касаба уюшма Кенгаши ишчи-ходимларнинг энг қуйи қатлами орасигача бевосита кириб борди. Кенгаш аъзолари сони аввалги йиллардагига нисбатан анчага ошди. Инсон омили ҳамда ҳаёт фаровонлиги билан боғлиқ самарали ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилади. Касаба уюшмалари томонидан бўлинмалардаги меҳнат шароитларини назорат қилиш баробарида ишчи-хизматчиларнинг маиший шароитларини яхшилашда маъмурият билан доимий ҳамкорлик қилинмоқда. Ана шу мақсадда касаба уюшмаси томонидан жойларда шарт-шароитларни яхшилаш учун жорий йилнинг ўтган даврида 4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Касаба уюшмаси тасарруфида ташкил этилган “Бирдамлик” фонди томонидан 500 нафардан ортиқ кам таъминланган, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларга 1 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳар бир байрам арафасида муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш анъанага айланган. Жумладан, касаба уюшмалари куни арафасида “НКМК” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ва комбинат тизимидаги барча корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда ишлаётган эҳтиёжманд ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийларига 550 та озиқ-овқат жамланмалари тарқатилди.
– Касаба уюшмаларининг ишчи-ходимлар фарзандлари учун ёзги таътилни мароқли ташкил этиш ва уларни соғломлаштириш борасидаги амалий фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Бу масала касаба уюшмаси Кенгашининг ҳар доим эътиборида. Комбинат тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ишчи-ходимларнинг болалари ёзги таътил мавсумини мароқли ўтказишлари, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган. НКМК тизимида 13 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда ҳар йили ёз мавсумида 12 минг нафардан зиёд болалар соғломлаштирилади. Томди, Учқудук, Нурота туманларининг кам таъминланган оилалари учун ҳар йили 1000 дона бепул йўлланмалар ажратилади. Шунингдек, Навоий шаҳар кўзи ожизлар, Навоий вилояти карлар жамиятлари, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Навоий ҳудудий бўлимига ҳам имтиёзли йўлланмалар ажратилмоқда.
Кенгаш бундан буён ҳам ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг оиласи, фарзандлари ҳақида қайғуриш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш каби бир қатор вазифаларни бажаришда собитқадамлик билан фаолият олиб боради.
“НКМК” Матбуот хизмати мухбири Дилдора Каримова суҳбатлашди,
ЎзА