НКМКда рақамлаштириш самарадорликка олиб келмоқда
Навоий шаҳрида “НКМКда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи Воҳиджон Пўлатов ва Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳриддин Бозоровлар тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки дунёда кечаётган кескин рақобат ишлаб чиқариш корхоналари олдига ҳам мавқеини сақлаб қолиш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш, фаолиятни рақамлаштириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда, – деди Воҳиджон Пўлатов.
– Кейинги йилларда комбинатда ишлаб чиқаришга сунъий интеллект ва рақамли технологияларни татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар, кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Биргина, 2021-2023 йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича 40 дан ортиқ чора-тадбир амалга оширилгани бунинг исботидир. Натижада комбинат фаолиятига 67 та замонавий рақамли ечимлар босқичма-босқич жорий этилиб, 300 миллион долларлик иқтисодий самарадорликка эришиш кутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, комбинатнинг 2023-2030 йилларга мўлжалланган рақамли стратегияси дастурига асосан мутахассисларимиз BCG ("Boston Consulting Group") халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда корхона фаолиятига 12 та йўналишда рақамлаштириш лойиҳалари ва 116 та замонавий рақамли ечимларни жорий этиш устида иш олиб бормоқда.
Кончиликни бошқариш, рақамли гидрометаллургия, ягона кон-геологик тизим, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни бошқариш ягона тизими шулар жумласидандир. Бу каби лойиҳа ва ечимларнинг фаолиятга татбиқ этилиши иш самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш, хавфсизликни таъминлаш, иш жараёнларини мунтазам кузатиб бориш, нуқсонларни аниқлаш ва тезкор бартараф этиш ҳамда бошқа қулайликларни яратмоқда.
– Комбинатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга кўтариш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳриддин Бозоров. – Гидрометаллургия заводларида технологик жараёнларни рақамлаштириш ҳисобига кейинги пайтда 140 миллиард сўм иқтисодий самарадорликка эришилди.
Натижада ускуналар самарадорлиги 3 фоизга, технологик участкаларнинг умумий унумдорлиги 5 фоизга ошди ва электр энергия ресурсларининг 4 фоиз тежалишига эришилди Бу, бюджетлаштириш, солиқ ҳисоби, харидларни бошқариш, транспорт воситаларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, маълумотлар йўқолишининг олдини олиш тизими (DLP), 5- ва 6-гидрометаллургия заводи тегирмон блокларида технологик жараёнларнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимларини ўз ичига олади.

Бу лойиҳаларни жорий қилиш натижасида ишлаб чиқариш ва молиявий-хўжалик фаолиятини ўз вақтида ишончли режалаштириш ва режаларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳамда ягона ахборот тизимида бюджет ҳисоботларини юритиш, ҳисоботларни шакллантириш вақтини 1 ойга қисқартириш, транспорт воситаларини самарали ва тезкор бошқариш, транспорт йўл босиш масофасини қисқартириш борасида юқори самарадорликка эришиш ва киберхавфсизлик талаблари таъминланди.
Рақамли хизматлар қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича 3 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган эди. Марказий кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш ягона ситуацион маркази ташкил этилиб, ўтган йили ноябрь ойида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда эса “Зармитан” конида “Ер ости ишчи ходимлари ва техникаларнинг жойлашишини назорат қилиш, алоқа ва огоҳлантириш тизими”ни жорий қилиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини ҳисобга олишнинг ягона ахборот тизими каби лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Ёқилғи-мойлаш материалларини тежашни рақамлаштириш бўйича катта қадамлар қўйилди. Жумладан, комбинатда транспорт воситалари ва механизмларини автоматик мониторинг тизими доирасида 3,5 мингдан ортиқ транспорт воситасига автоматик ўлчов ва назорат воситалари ўрнатилди ва шунинг ҳисобига охирги икки йилда – 21,3 минг тоннадан зиёд дизель ёқилғиси ёки 265 миллиард сўм иқтисод қилинди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири