НКМК: хотин-қизлар ҳамиша эъзозда
Баҳор ва гўзаллик айёми бўлган 8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами Навоий кон-металлургия комбинати ва унинг барча бўлинмаларида ўзига хос шоду хуррамлик билан кенг нишонланмоқда.
Тантанали тадбирларда комбинат хотин-қизларининг меҳнати, корхона ривожига қўшаётган ҳиссаси эътироф этилиб, соҳа илғорлари муносиб рағбатлантирилмоқда.
“Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинатининг қутлуғ айёмга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанада Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақуловлар кўп минг кишилик жамоа хотин-қизларини байрам муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, комбинатда бугунги кунда 16 минг нафарга яқин хотин-қизлар, улар орасида 550 нафарга яқин раҳбар аёллар, 33 нафар давлатимизнинг юксак мукофотлари совриндорлари улкан корхона равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиб келмоқда.
Ушбу айём арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ, вилоятдан беш нафар хотин-қиз давлат мукофотига сазовор бўлгани, жумладан, Навоий машинасозлик заводи кран машинисти Дилдор Тилабова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Гендер тенглик фаоли” миллий танловида Навоий кон-металлургия комбинати ғолиблар сафидан жой олгани кўп минг кишилик жамоа меҳнатининг юксак эътирофидир.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ соҳа илғорлари комбинат томонидан таъсис этилган “НКМК фахрийси” унвони ва “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди.
– Дунёда ўзбек аёлидек бахтли ва бахтиёр инсон бўлмаса керак. Бизнинг фаровон яшашимиз учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Жонажон комбинатимизда ҳам биз аёлларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз. Бугун менинг камтарона меҳнатим алоҳида эътироф этилганидан, “НКМК фахрийси” унвонига лойиқ топилганидан бошим кўкка етди. Бундай рағбат, албатта, зиммамга улкан масъулият юклайди, – дейди Зарафшон қурилиш бошқармаси буёқчиси Жулдузай Тубетбаева.
“Фарҳод” маданияти саройи бадиий жамоалари ва хонандалари томонидан намойиш этилган мусиқий дастур тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Абдували Бўриев, ЎзА