Нишон туманида ўзгаришлар бошланди
Республика Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани фаоллари билан онлайн мулоқот қилди.
Туман студиясида сектор раҳбарлари, туман кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Шунингдек, жойлардан Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳудудгаз” Қашқадарё филиали масъуллари ҳам онлайн мулоқотда қатнашди.

Мулоқот чоғида Президентимизнинг шу йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириққа мувофиқ Нишон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўрганишлар натижаси муҳокама қилинди.
Таъкидлаш лозимки, А.Икромов Нишон туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъул этиб бегиланган.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жарёнида Нишон тумани марказий шифохонасини таъмирлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
– Бир неча йил аввал Нишон туманида бўлганимда тиббиёт бирлашмасидаги шарт-шароитни ўз кўзим билан кўрганман. Билишимча, ҳозир ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Тўғри, аввал маблағ масаласида муаммо бўлган. Лекин бугун давлатимиз раҳбари барча имкониятни яратиб беряпти, зарур маблағ ажратиляпти. Энди, чуқур мулоҳаза, таҳлилий ёндашув билан ишлашимиз керак. – дея таъкидлади А.Икромов.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Нишон туман тиббиёт бирлашмасида 13 та бўлим мавжуд. Шунингдек, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та поликлиника, 4 та ҚОП, 6 та ҚВП ҳамда Талимаржон шаҳарчасидаги шифохонанинг 4 та бўлимида беморларга тиббий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Президентимиз ташрифидан сўнг 15 кун ичида туманда салкам 5 минг гектар ер тадбиркорларга ажратиб берилди.
– 10 минг гектар ер ҳисобидан 1000 гектар боғ (асосан ўрик), 1000 гектар узумзор ташкил этиш, 2500 гектардан ортиқ майдонга сабзавот, полиз, дуккакли ва соя маҳсулотларини етиштириш ҳамда 5 минг 500 гектардан ортиқ майдонларга чорвачилик учун озуқа экинлари экилиши бўйича ҳар бир контур кесимида чора-тадбирларни белгилаб олдик. Ишлар бошланди, ўтган 15 кун ичида ишлатишга киритиладиган 5 минг гектарга яқин ер майдони тадбиркорларга ажратиб берилди, – деди Нишон туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов.
Таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан ажратилаётган 20 миллиард сўм маблағ ҳисобига шу йилнинг ўзида тумандаги 35 километр яроқсиз ҳолга келиб қолган лоток тармоқлари алмаштирилади ва 225 километр коллектор ва дренаж тармоқлари таъмирланади. Бунинг эвазига 24 минг гектар майдонларни мелиоратив ҳолати яхшиланади ва бунга қўшимча равишда узоқ йиллардан буён ишлатишдан чиқиб кетган Ширинобод, Навбаҳор, Учмула, Оқ олтин ва Самарқанд ҳудудларидаги 10 минг гектардан ортиқ ер майдонларининг мелиоратив ҳолати ҳамда сув таъминоти яхшиланиши ҳисобига қайтадан ишлатиладиган ерлар ҳисобига киритилади.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА