Никоҳ – оила мустаҳкамлиги пойдевори
Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-ҳаришдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатида келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун никоҳга буюрган. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта никоҳдир.
Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.
Хўш, никоҳ тузиш тартиби ва шартлари қандай?
Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация) ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.
Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Ушбу хизматни Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиб олиш мумкин. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган.
Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Никоҳни бекор қилиш учун судда давлат божи кимдан ундирилади?
Давлат божи никоҳдан ажратишни сўраб судга ариза топширган томондан, агар эр-хотин биргаликда никоҳдан ажратиш ҳақида судга ариза ёзган бўлса, ўзаро келишган ҳолда томонларнинг биридан ундирилади.Давлат божи суммаси БҲМнинг 2 баравари миқдорида, такрорий никоҳни бекор қилиш учун эса БҲМнинг 4 баравари миқдорида ундирилади.
Ирода Қаҳҳорова,
ҳуқуқшунос