Нетаньяху кутилмаганда Ғазога борди
Кеча Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо сектори жанубидаги Рафоҳ шаҳрига борди. Бу ҳақда ҳукумат бошлиғи идораси маслаҳатчиси Дмитрий Гендельман хабар берди.
Нетаньяху Исроил армиясининг 162-дивизияси жойлашган манзилга ташриф буюрган, ҳарбийлар билан суҳбатлашган. Унга Бош вазир девони раҳбари Сахи Браверман, Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Сахи Ханегби ва давлат раҳбарининг ҳарбий котиби, генерал-маёр Роман Гофман ҳамроҳлик қилган.

Нетаньяху Ғазо ва Миср ўртасидаги чегара ҳудуди, яъни Филадельфия йўлаги ва Рафоҳ назорат-ўтказиш маскани устидан Исроилнинг назорат ўрнатиши “сектордаги амалиётни давом эттиришда глобал аҳамиятга эга”лигини таъкидлаган. У кузатув нуқтасига кўтарилиб, ўша жойдан жанговар ҳаракатр ҳудудини кўздан кечирган.

Шунингдек, Нетаньяху ХАМАСга ҳарбий босим ўтказишгина Ғазода гаровда ушлаб турилганларни озод этишга ёрдам беришини қайд этган.