Нега қабул квоталари камайди?
Бир тадбирда атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева Москвада, Олий адабиёт курсида ўқимаганимда, балки халқ шоираси бўла олмасмидим, деганди.
Луқма
Бир тадбирда атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева Москвада, Олий адабиёт курсида ўқимаганимда, балки халқ шоираси бўла олмасмидим, деганди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳам Олий адабиёт курсида таҳсил олиб, дунёқараши бутунлай ўзгариб юртга қайтганини, катта-катта асарлар ёзишга ўзида куч топганини айтганди.
Президентимизнинг ташаббуси билан Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Олий адабиёт курслари қайтадан ташкил этилгани ҳам кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлганди.
Бу курс тезда очилди. Дарслар бошлангандан сўнг курсда ўқийдиган талабаларнинг аксарияти таълим жараёнидан қониқмаётганини айтди. Ижтимоий тармоқларда ўқишни ташлаш бўйича чиқишлар қилинди...
Куни кеча бу йил Олий адабиёт курсига ҳужжат топширганларнинг синов жавоблари эълон қилинди. Нетонгки, бугун умид билан ўзбек адабиётига кириб келаётган Мансур Жумаев, Кумуш Ўсарова, Шоҳсанам Нишонова, Бобур Нусратов, Наргиза Одинаевалар номи киролмаганлар сафида турибди. Кирганларга эътирозимиз йўқ.
2020-2021 ўқув йилида курсга бор-йўғи 24 нафар киши ҳужжат топширган. 6 нафари қабул қилинган.Уларнинг ҳам аксарияти ўқисакми, йўқми, контракт тўлаб ўқишга арзийдими, ўзи бу курс, деб иккиланиб турибди.
Иккинчи томондан, нега жорий йилда қабул квотаси сони кескин камайиб кетди? Олий адабиётнинг бағри шунчалар торми? Ижодкорлар умид билан эшик тақиллатса-ю, кира олмаса. Олий адабиёт курси талабаси бўлиш учун сўралган айрим саволларнинг ўзи кулгули...
2018-2019 ўқув йилида 10 та грант, 15 та контракт; 2019-2020 ўқув йилида 10 та грант 7 та контракт учун талаба қабул қилган курснинг 2020-2021 ўқув йили қабул квоталари нега кескин камайди?
–Кадрларга эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қабул квоталари бўйича давлат комиссиясига таклиф киритганмиз, – дейди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори, филология фанлари доктори Султон Нормаматов. – Ўтган йили Олий адабиёт курсларига 30 та ўрин берилганди. Бор йўғи 17 та одам ўтди. Талабаларнинг таълим сифатидан норози бўлишига ҳам асос йўқ. Бу ерда тажрибали ўқитувчи- профессорлар Нурбой Жаббор, Узоқ Жўрақулов, Баҳодир Каримлар дарс беради. Ушбу курсни тамомлаган талабаларга «Адабиётчи, муҳаррир» дипломи берилади.
Олий адабиёт курсларини тамомлаган талабалар билан суҳбатлашганимизда эса, аксарияти икки йил кетган вақтимизга ачиндик, дея жавоб қайтарди. Шундоғам таълим тизимимиз ислоҳталаблигини инобатга олиб, қабул квоталарини кўпайтириш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши керакмасмиди?
Бизнингча, бир вақтлар юзлаб талабаларни бағрига олган курснинг олдинги нуфузини қайтариш зарур. Миллий ўзбек адабиёти дея аталмиш майдонда ҳар йили ўнлаб "олий адабиёт" чи етишиб чиқса, зиён қилмас. Нега ҳамма олий ўқув юртларида квоталар оширилаётган бир пайтда бу ерда камайтирилди? Агар, сифатли таълим тизими яратилса, керак бўлса манаман деган номдор ёзувчи-шоирлар ҳам бу курсда ўқишга шошилса, нур устига аъло нур бўларди-ку?!