«Нефтчи» Суперлига пешқадами: 27-тур натижалари
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тур баҳслари ўз якунига етди. Кутилганидек, ушбу турда фаворитлар ўз ҳисобидаги очколарини кўпайтирди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўзаро рақобатлашди. Баҳс мезбонларнинг тезкор голлари билан бошланди. Учрашувнинг 6-дақиқасида Достон Ҳамдамов узатмасидан сўнг Шерзод Насруллаев ҳисобни очди. Орадан уч дақиқа ўтиб, бу сафар Ш.Насруллаевнинг узатмасидан Стефен Чинеду унумли фойдаланиб, жамоасининг устунлигини оширди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ҳисобдаги фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди. 62-дақиқада Сильванус Нимелининг узатмасидан кейин Тома Табатадзе тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Бироқ, учрашувнинг сўнгги дақиқасида Достон Ҳамдамов пенальтидан аниқ фойдаланиб, «Пахтакор»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

«Нефтчи» ушбу турда ОКМК клубини қабул қилди. Ўйиннинг биринчи бўлимида томонлар бир қатор қулай имкониятларга эга бўлган бўлса-да, улардан фойдалана олмади. Танаффусдан кейин мезбонлар ташаббусни ўз қўлига олиб, рақиб дарвозаси олдида бир неча бор хавфли вазиятлар яратди. Аммо якуний зарбаларга аниқлик етишмади.
Учрашувнинг сўнгги қисми эса кескин кураш остида кечди. 88-дақиқада ҳимоядаги хатодан фойдаланган меҳмонлар пенальти ишлаб олди. Жамоа сардори Георги Папава 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.
Шундан сўнг мезбонлар бор кучини ҳужумга сафарбар этди. 90-дақиқада Нурбек Сарсенбаев дарвозабон қайтарган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+8-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Хуршид Ғиёсовнинг аниқ зарбаси Фарғона жамоасига ғалаба келтирди — 2:1.
Шу тариқа, мезбонлар учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ирода намойиш этиб, муҳим уч очкога эга бўлди.

Ўзбекистон Суперлигасининг 27-турида «Насаф» сафарда «Бухоро»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг 29-дақиқасида Озодбек Ражабовнинг голи VAR орқали бекор қилинди. 85-дақиқада мезбонлар сардори Сардор Қулматов майдондан четлатилди. 90-дақиқада эса Ойбек Рустамов ғалаба голини киритиб, «Насаф»га уч очко тақдим этди.
27-турдан кейин турнир жадвалидаги ҳолат қуйидагича кўриниш олди. Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси 26 учрашувда 61 очко жамғариб, пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» 27 ўйиндан сўнг 59 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 55 очко билан учинчи ўринда бормоқда.
Кейинги поғоналарни «Насаф» ва ОКМК жамоалари банд этган. Ҳар икки клуб 45 очкодан жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра 4-5 ўринга тақсимланган. «Локомотив» 43, «Бухоро» 42, «Динамо» 37, «Қизилқум» 35 очко билан 6-9 ўринни эгаллаган. «Сурхон» ва «Андижон» жамоалари 31 очкодан тўплаган. Тўплар нисбатига кўра термизликлар ўнинчи, андижонликлар эса ўн биринчи поғонада қайд этилган. «Сўғдиёна» 30 очко билан 12-ўринда бормоқда.

Қуйи ўринларда «Хоразм» ва «Бунёдкор» 26 очкодан жамғариб 13-14, «Қўқон-1912» 24 очко билан 15, «Машъал» 5 очко билан турнир жадвалини якунлаб турибди.
Эътиборли жиҳати, «Нефтчи» ва «Бунёдкор» ҳисобида биттадан қолдирилган учрашув мавжуд. Улар ўртасидаги ўйин 14 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Суперлигасида айни дамга келиб "Сўғдиёна" ҳужумчиси Люпчо Дориев 15 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни 14 тадан гол билан Стипе Перица ("Нефтчи") ва Темурхўжа Абдухолиқов ("Локомотив") банд этиб турибди. Кучли бешликни эса Анваржон Ҳожимирзаев ("Динамо", 12 та гол) ҳамда Достонбек Ҳамдамов ("Пахтакор", 11 та гол) якунлаб берган.

Ўзбекистон Суперлигасида 28-тур учрашувлари 19–22 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
19 ноябрь, 18:00 — «Сурхон» — «Андижон»
20 ноябрь, 17:00 — ОКМК — «Қизилқум», «Локомотив» — «Пахтакор», 18:30 — «Навбаҳор» — «Нефтчи»;
21 ноябрь, 17:00 — «Қўқон-1912» — «Сўғдиёна», «Насаф» — «Машъал», 18:00 — «Хоразм» — «Бухоро»;
22 ноябрь, 16:00 — «Динамо» — «Бунёдкор»
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА