«Нефтчи» Осиё чемпионлар лигасини ғалаба билан бошлади
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи илк турида «Нефтчи» Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи таймда ташаббусни қўлга олган «Нефтчи» футболчилари рақиб дарвозаси олдида қатор хавфли ҳужумлар уюштирди. Ниҳоят, 83-дақиқада Коффи Франк Куао ўнг қанотдан жарима майдони ичига аниқ узатма берди. Тўпга биринчи бўлиб етиб борган Зоран Марушич боши билан зарба бериб, ҳисобни очди — 1:0.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва «Нефтчи» мусобақадаги илк учрашувини ғалаба билан якунлаб, 3 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Фарғона жамоаси Элит Осиё чемпионлар лигасидаги иккинчи учрашувини 12 октябрь куни сафарда Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубига қарши ўтказади.

Маълумот учун, бугун, 14 сентябрь куни «Пахтакор» сафарда Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига қарши майдонга тушади. Жидда шаҳридаги «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» стадионида бўлиб ўтадиган баҳс Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА