Нефть ва газ саноатини ривожлантиришда трансформациянинг ўрни
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар табиий газ қазиб олиш ҳажмини 66,1 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган. Ўз навбатида, истеъмол 56,5 миллиард куб метрга етади.
Бу ички истеъмолчилар талабини қондириш ва табиий газни хомашё сифатида чуқур қайта ишлаш устуворлигига ўтишни англатади. Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан табиий газни чуқур қайта ишлаш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш ва бозор муносабатларига ўтказиш мақсадида тармоқни ислоҳ қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Энергетика вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Эльмира Бекмуродова ЎзА мухбирига айни мавзу юзасидан интервью берди.
- Бугунги кунда нефть ва газ саноатини ислоҳ қилиш муҳим ҳисобланади, - деди Э.Бекмуродова. - Мамлакатнинг иш билан банд аҳолисининг 1 фоизига яқини фаолият юритадиган нефть ва газ саноати ялпи ички маҳсулот, бюджет даромадлари ва валюта тушумларининг асосий манбаларидан бири бўлиб, саноат ишлаб чиқариши ва инвестицияларни жалб қилиш таркибида муҳим рол ўйнайди.
Айнан шу нарса иқтисодиётни ривожлантириш, одамларнинг фаровон яшаши, иқтисодиёт устувор тармоқларининг нормал фаолият юритиши учун шарт-шароит яратиш имконини беради. Бироқ улкан нефть ва газ инфратузилмасини нормал иш ҳолатида сақлаш, табиий газ қазиб олиш ҳажмини янада ошириш, аҳоли ва мамлакат иқтисодиёти эҳтиёжларини қондириш бугунги кунда соҳани бозор иқтисодиётига ўтказмасдан туриб амалга ошириш мушкул.
Нефть ва газ саноатининг бозор қонуниятлари асосида ривожланиши рақобат учун шароит яратади, бу эса ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, энг муҳими, истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишга нафақат маблағга, балки замонавий технологиялар ва тажрибага эга бўлган инвесторларни ҳам жалб этиш имконини беради.
Энергетика вазирлиги 2 йилдан ортиқ вақт олдин ташкил этилган. Кейин бу ҳақда матбуотда ҳам, турли йиғилишларда ҳам кўп гапирилди. Бу ҳақда ортиқча такрорламоқчи эмасмиз, лекин қисқача айтганда, трансформациянинг асосий сабаби аввалги тузилмаларнинг мослашувчанлиги ва самарасизлиги эди, деб айтишимиз мумкин. Улардан баъзилари ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантиришга мувофиқлаштирилган ёндашув каби замонавий вазифаларга мос келмади: инновацион бошқарув тамойилларини жорий этиш, мамлакатимизда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва жозибадор инвестиция муҳитини яратишда самарали фаолият юритмади.
Ҳозирда Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг бутун ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантиришни мувофиқлаштирмоқда. Энергетика вазирлиги, унинг тузилмаси ва фаолиятини мувофиқлаштиришга кирувчи ташкилотлар нефть, газ ва уларни қайта ишлаш, маҳсулотларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, реализация қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини, шунингдек, электр ва иссиқлик энергияси, кўмирни қазиб чиқариш, узатиш, тарқатиш ва истеъмол қилиш жараёнларини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.
Ёқилғи-энергетика комплексидаги бу туб ўзгаришлар бутун асосий тузилмани тубдан ислоҳ қилишни талаб қилди. 2019 йилнинг ўрталарида нефть-газ саноатини ислоҳ қилиш жараёни бошланди, бунинг натижасида ҳозирги кунда уни ўзгартириш босқичи якунланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг янги ташкилий тузилмаси шакллантирилди, компания бошқарув тизимидаги ортиқча оралиқ бўғинлар қисқартирилди.
“Ўзтрансгаз” АЖ газ ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан табиий газни келгусида ташиш, шу жумладан, экспорт ва импорт, шунингдек, магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга сотиш учун ягона оператор сифатида белгиланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқарилди.
“Ўзтрансгаз” АЖнинг ҳудудий газ таъминоти филиаллари негизида газ тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида “Худудгазтаъминот” АЖ ташкил этилди.
Ушбу қайта ташкил этишдан мақсад – табиий газни ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлаш ва сотишни ташкил г замонавий усулларига ўтишдир.
Энергетика вазирлиги ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида бир қатор туб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, нефть-газ саноатининг самарали фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос яратиш, бозор иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг бозор механизмларини жорий этиш мақсадида халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда “Газ таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш якунланмоқда.
2020 йилнинг июнь ойида Энергетика вазирлиги томонидан вазирлик ва идоралар, шунингдек, халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда ишлаб чиқилган “2020-2030-йилларда Ўзбекистон Республикасини нефть ва газ маҳсулотлари билан таъминлаш концепцияси” тасдиқланди.
2021 йилнинг июнь ойида Энергетика вазирлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда “Ўзтрансгаз” АЖ ва газ тармоғини ўзгартириш бўйича стратегияси” ишлаб чиқилди.
Бизнинг асосий вазифамиз – мамлакатни нефть ва газ маҳсулотлари билан таъминлаш, яъни аҳолини ҳам, иқтисодиётни ҳам табиий газ ва нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб турадиган шарт-шароитларни яратишдан иборат. Бу ишлаб чиқаришни кўпайтириш, газ ташиш тизимини модернизация қилиш, истеъмол ҳисоби ва назоратини такомиллаштириш демакдир. Бу вазифалар қийин, аммо амалга оширилиши мумкин бўлган жараёнлар ҳисобланади.
Автоматлаштириш ва рақамлаштириш ҳақида гапирилганда, нефть ва газ саноатида рақамлаштириш бозор муносабатларининг рақобатбардошлиги ва рентабеллигини оширишнинг асосий усули сифатида қаралмоқда.
Деярли барча технологик жараёнларни моделлаштириш, синов ва хатолик йўли билан жойида бўлишдан кўра, энг мос сценарийни олдиндан танлаш мумкин. Бир неча соатлик симуляция ойлик синовларни алмаштиради, шу билан бирга шаклланиш хусусиятларини янада аниқроқ кўрсатиш имконини беради. Натижада йиллар меҳнати тежалади, нефть қазиб олиш эса бир ярим-икки бараварга ошади.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва жараёнларни автоматлаштиришни таъминлаш мақсадида Энергетика вазирлиги “ИКС Холдинг” компанияси билан биргаликда саноатнинг жорий ва узоқ муддатли бизнес мақсадларини ҳисобга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика комплексини автоматлаштириш ва рақамлаштиришни комплекс ва режалаштирилган ривожлантириш концепцияси”ни ишлаб чиқмоқда.
Жорий йил охирига қадар концепция тасдиқланади ва 2022 йилдан концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ишлари бошланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вазирлик ҳузурида халқаро молия институтлари билан ишлайдиган лойиҳа офиси ташкил этилди. Турли мамлакатларда нефть ва газ саноатини ислоҳ қилишда катта тажрибага эга халқаро экспертлар жалб этилди.
Шунингдек, нефть-газ саноатининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ишлари давом эттирилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Газ таъминоти тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқиш бўйича ишлар ниҳоясига етмоқда.
Бурғилаш самарадорлигини ошириш боросида ҳам қатор ишлар амалга ошрилмоқда.
“RLG International Inc.” компанияси иштирокида (Канада) “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлашнинг эксплуатацион самарадорлигини ошириш”: “Диагностика” лойиҳасининг биринчи босқичини амалга оширди.
“Диагностика” лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида “Ўзнефтгаз-Қудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамияти ва “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти ҳамда конларда қудуқларни бурғилаш ва қайта ишлаш бўйича олиб бораётган ишлари ўрганилиб, танқидий таҳлил қилинди ва баҳоланди.
Таҳлил натижалари асосида ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Айни пайтда лойиҳанинг 1-босқичи доирасида ишлаб чиқилган тавсияларни амалга ошириш бўйича “Янги тизимни жорий этиш” лойиҳасининг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида Қудуқларни бурғилаш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳа гуруҳларини ташкил тиш ишлари олиб борилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.