Нефть-газ соҳасида технологик ҳамкорлик кенгайтирилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва “Sinopec” компаниясининг Россия ва Марказий Осиё минтақаси бўйича бош вакили Фан Сяннан бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди.
Унда нефть-газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, чуқур қудуқларни бурғилаш ва нефтни қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Абдуғани Сангиновнинг таъкидлашича, Устюртда олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида истиқболли углеводород захиралари аниқланган. Уларни ўзлаштириш доирасида 5,5–6 минг метр чуқурликдаги, юқори қатлам босими ва ҳарорат шароитида бурғиланадиган қудуқларни қуриш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан “Sinopec” компаниясига мазкур йўналишда замонавий технологик ечимлар ва техник таклифлар ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Томонлар янги истиқболли блокларда геология-қидирув ишларини биргаликда олиб бориш масаласини ҳам муҳокама қилди. Жорий йилда геология-қидирув ишлари ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб уч баробар ошгани қайд этилди.
Шунингдек, нефтни қайта ишлаш соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, Хитойнинг “Sinopec” таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар муҳокама қилинган йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА