Назария ва амалиёт уйғунлиги
Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонида Олий судга ҳам бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Хусусан, назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган маърузалар, маҳорат дарслари ва ўқув семинарларини ўтказиш, вазирлик ва идораларнинг амалиёт ходимларини жалб қилиш орқали ўқув жараёнини самарали ташкил этишда ТДЮУ ва юридик факультетларга доимий равишда ҳар томонлама кўмаклашиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган “Юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида” ги меморандумда талабаларнинг назарий билимларини янада мустаҳкамлаш, олган билимларини амалиётга татбиқ этиш ва қўллаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида судларда амалиёт ўташлари назарда тутилган.

Шундан келиб чиқиб, 2022 йил 7 февралдан жорий йилнинг апрель ойига қадар Тошкент давлат юридик университети, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-курс талабалари Тошкент туманлараро иқтисодий судида битирув малакавий иши олди амалиётини ўтамоқда.
Тошкент туманлараро иқтисодий судида ушбу суд судьялари ҳамда талабалар иштирокида навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди. Унда стажировка ўташ тартиби, таълим ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаш, талабанинг қизиқиши, интилиши, қобилиятини инобатга олган ҳолда кейинчалик суд идораларига ишга жойлаштириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Бундан ташқари, суд соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, бу борада қабул қилинган норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, судлар фаолиятига ахборот технологияларни кенг татбиқ этиш афзалликлари ҳақида талабаларга тушунтиришлар берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Сарвар Солиев,
Тошкент шаҳар Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси.
ЎзА